Ҳаётда ҳамманинг ўз ҳақиқати бор. Лекин ҳеч ким ўзиникидан бошқани тан олмайди. Аниқроғи, тан олишни истамайди.
Донишлар айтади: жоҳил ҳар ким билан тортишаверади; оқил тенги билан баҳслашади; доно фақат ўзини тергайди.
Сўнгги кунларда Украинада бўлиб ўтаётган тўқнашувлар баъзи башоратчилар айтган муддатда ҳам, 2022 йилнинг 25 февралида ҳам бошлангани йўқ. Биз Ленин, Сталин ё Хрушчёвнинг Украинага ер тортиқ қилгани ҳақидаги тарихни кавламаймиз – у тарих эди, ҳаммаси қайсидир маънода қонуний бўлганди.
2014 йилги воқеаларнигина ёдга оламиз. Ўшанда Украинанинг бир раҳбари Россияга “орқа қилиб”, Европа билан интеграциялашишдан бош тортди ва оқибат – халқ нафратига учраб, ўлим таҳликаси остида қочиб, мамлакатни тарк этди. Кейинги раҳбар Қримни Ғарбга “сотиш”ни ният қилган эди, бу Россиянинг қаҳрини келтирди. Биқинингда “энг эҳтимолий душман” пистирмаси пайдо бўлса, дарҳақиқат, таҳликага тушасан.
Натижа шу бўлдики, Россия тезкорроқ ҳаракат қилиб, ўта шубҳали референдум билан Қримни ўзига қўшиб олди. Лекин қўшиб олиш, босиб олиш – масаланинг ярми, ушлаб туриш – қийинроқ. Бу яриморолга сув, газ, электр энергияси, озиқ-овқат, хуллас, ҳаётнинг барча ресурслари керак эди. Тўғри, денгиз йўли бор, кейинроқ кўприк қурилди. Лекин биринчиси ҳар доим ҳам қулай бўлмайди (об-ҳаво омили), иккинчисини эса, битта қўпорувчилик ҳаракати билан йўққа чиқариш мумкин. Демак, қуруқликдан йўл керак. Бу йўл эса Донбасс орқали ўтади.
Гап нимага қараб кетаётганини тушуняпсиз!
Украина Европа билан интеграциялашиб, НАТО билан жипслашиб, ўз хавфсизлиги ва тараққиётини таъминлашни кўзлаб иш тутди.
Россия ўз хавфсизлигини ўйлади. Чунки, Брюсселда, Ғарбдаги бошқа пойтахтларда минг бир хил баёнот берилмасин, НАТО фақат мудофаа ташкилоти эмас, деган фикр исканжасидан чиқиб кета олмайди. Бир ҳисобдан – тўғри. Ахир, қўшнимиз уйимиз томонга ўқланган милтиқ қаратиб қўйсаю “бу фақат мудофаа учун”, деса, ишонамизми, хотиржам яшайверамизми?!
Украина ҳам ҳақ – қўшнимиз ўз-ўзидан еримизнинг бир бўлагини тортиб олса, яна икки бўлагига даъво қилаверса, уни босқинчи деймиз ва бунга юз карра ҳақли бўламиз.
Энди Россия Украинадаги “миллатчи” ва “бандерачилар”ни йўқотиш учун, Кремль истилоҳи билан айтганда, “махсус операция” бошлади. Лекин “блиц-криг” содир бўлмади. 2014 йилдан буён ҳар хил даража ва миқёсда жанговар ҳаракатларда пишиб келган Украина армияси тум-тарақай қочгани йўқ, яхшигина қаршилик кўрсатяпти.
Бири иккинчисини миллатчи деб билган, иккинчиси биринчисидан босиқинчиликни кўраётган икки мамлакат шу тариқа жанговар тўқнашувга бориб етди.
Энди музокара ҳақида гаплар пайдо бўляпти. Ана шу энг тўғри йўлдир. Орани очиқ қилиб олмаса, бўлмайди. Чунки, урушни бир қайчига ўхшатадиларки, икки тиғ бир-бирига қараб келадию бўладию лекин уларга ҳеч нарса қилмайди, фақат орадаги нарсага азият етади – у кесилади, холос. Яъни, шинам кабинетларда ўтирган раҳбарлар чиройли баёнотлар бериш билан шуғулланади, оддий халқ жабр чекади. Аслида нима учун жанг қилаётганини тўлиқ англаб етмаган, ўн гулидан бири ҳам очилмаган ёш-навқирон йигитлар қирилиб кетади. Бу дунёда ёш болалалар бор, ожиза оналар бор, ҳаракати заиф хасталар ва қариялар бор. Асов ўқ ё ракета туфайли дабдурустдан ҳаёт билан видолашиш ҳеч кимга ёқмайди.
Қанчадан-қанча оилада қанчадан-қанча фожеа!
Шу боис Ўзбекистон доим ҳар қандай можарони тинч йўл билан ҳал қилиш тарафдори бўлиб келган. Ҳамма нарсанинг чораси бор, энг оғир муроса ҳам бир кунлик, бир соатлик урушдан енгилроқдир.
Шу маънода, “Россия Украинани босиб олса, кейин ё Болтиқбўйи, ё Польша, ё Кавказорти ва ё Марказий Осиёга ўтади”, деган хавотирлар фитнадан ўзга нарса эмас. 2014 йилгача мавжуд бўлган кайфиятларга қарасак, Россия Қримга кўз олайтиргани ҳам йўқ эди. Украина Ғарбнинг мафтункор ваъдаларига учмаётганди. Алоҳида шахслар, алоҳида гуруҳлар аслида таги бир бўлган икки халқни мана шу кўйга солди. Украина катта сиёсатнинг қурбони бўляпти, Россия ортиқча ва умуман кераксиз талофат, мислсиз харажат ва ташвишлар гирдобига тушяпти.
Музокара, муроса, ўзаро англашув, бир-бирининг ташвишу хавотирларини тан олиш – мана шу омил ва чораларгина даҳшатли биродаркушликка чек қўйиши мумкин. Қолган фитналар, “фейк” хабарлар, гиж-гижлашлар эса уруш оловини яна ҳам каттароқ алангалатишдан бошқага ярамайди.
Ogoh.uz