Нима учун ўзбеклар орасида «Нобел» совриндорлари йўқ. Буни-ку қўя турайлик, жаҳон миқёсида аҳамиятга молик бирор кашфиёт қилган, ёки фавқулодда ноёб истеъдоди билан барчани лол қолдирган 5 тагина ўзбекни санай оласизми?
Ўйланиб қолади одам, бир замонлар ўз зеҳн-идроки, қобилияти билан оламга довруғ сочган даҳоларнинг авлодлари нега бугун ўзлик инқирозига юз тутаяпти? Нима учун охирги икки асрда ботқоқликка ботиб қолаяпмиз? Саволлар кўп…
Келинг яхшиси, жавобни теварак-атрофдан излаб кўрамиз.
Бир бола мусиқа асбобини чалишни жуда яхши кўради. Балки яширин қобилияти ҳам бордир, буни билиб бўлмайди. Табиийки, бу ҳақда ота-онасига айтади. Бармоқларини ҳавода ўйнатар экан, ўзи бир бор кўрмаган, орзуидаги асбобни олиб беришларини сўрайди. Бу сўровга нисбатан жавобни кўпчилик олдиндан билади.
» Ҳеей, зумраша, шундан бошқа дардим йўқ эди ўзи. Сўрашга топган нарсасини қаранг. Йиғиштир карам шўрвангни».
Кейин… Ҳавода муаллақ қолган қўллар бир-бирига чирмашади, бошини қуйи солиб ортга қайтади. Тўғрида, бирор созандани тузукроқ танимаган, бу соҳадан етарлича хабардор бўлмаган, чапани отадан яна қандай ҳаракат кутасиз? Улар фарзандининг доирачи бўлишини эмас, ўз қараши билан айтганда одам бўлишини хоҳлайди. Фарзандининг хоҳиш-истаклари, қобилиятини синаб кўриш эса ҳаёлининг бир чеккасига келмайди.
Бизнинг асл муоммомиз ҳам айнан шу. Бизнинг жамиятда индивидуал танловдан кўра бошқалар фикри муҳим.
Одамлар нима дейди? Одамлар қанақа тушунади? Одамлар қандай ўйлайди? Фарзанди танловига холис ёндашув эмас, одамлар фикри муҳим. Тўғрида, сўлоқмондай йигит бўла туриб, қандайдир мусиқа асбобини ғинғир-ғинғир қилиб юрадими?
Кези келганда » Бизнинг ўғил сурнай чалармуш, ёнига бир ўйинчиям топиб берсак бўлди» деб бошқалар олдида мазаҳ ҳам қилиб қўйишади.
«Болам, бери кел. Мана бу пулга хоҳлаган чолғуйингни ол, эртагаёқ раёндаги мусиқа мактабига олиб бораман, сенга ишонаман, болам» демайди ҳеч қачон. Интилишларга бутунлай ёд бўлган фаолиятга мажбур қилишади-да, кейин қаерда хато қилдим деб юришаверади.
Қизиқишлар учқун олмай сўниб бўлган бола эса қишлоқдагиларнинг молини боқиб юраверади. Машшоқ бўлганидан кўра, қўй боқиб юргани «тузукроқ-да!».
Вақти келганда эса яна ўша одамларнинг гап сўзлари туфайли рассом бўлиш ниятидан воз кечиб, турмушга чиқишга мажбур қилинаётган бир қизга уйлантириб қўйишади, қарабсизки 20 йилдан буён йиққан- терганлари, таниш-билишлардан қарз олиб вадаванг тўй.
Иннанкейин, муҳтарам куёв қарзларни тўлаш учун Россияга кетади, буёқда келин юраверади » Мени ёрим Московларга кетти» деб. Мана сизга вақтида тўғри қарор берилмаганининг оқибати, мана сизга одамларнинг гап-сўзи.
Аслида, бу стреотипларни аллақачон янчиб ташлашимиз керак эди. Худди ривожланган давлатлардагидек болаларимизнинг қўлидан маҳкам ушлаб мусиқа, рассомчилик, рақс тоғаракларога олиб бориш вақти келгандир балки? Ўзлигимизни англаб етишимиз, рационал тафаккурни тўлиқ шакллантиришимиз керак! Хоҳ ўғил фарзанд бўлсин, хоҳ қиз, уларнинг барчасига бордек имконият яратиб беришга мажбурсиз. Мустақил тарбияланг, улар ўзи эркин қарор қабул қила олсин. Ҳеч қачон ўзингиз хоҳлаган, лекин болангизга ёқмайдиган танловга солиб қўйманг. Унутманг, орзулар ҳурмат қилинсагина, улар амалга ошади. Отасиман, онасиман деб уни ўзингиз хоҳлаган қолипга солиш ярамайди.
Паганинидек машҳур скрипкачи ўрнига сиз истаган «мелиса», Пикассодай рассом ўрнига уқувсиз шифокор, «Нобел» га номзод астрофизик ўрнига ўз ишига ҳафсаласиз қурувчи, дунёга машҳур инвестор ўрнига банк ходими, компютер дастурловчиси ўрнига ҳисобчиларни яратманг, илтимос. Тоталитар бошқарув, феодал қарашларга чек қўйинг. Болангизнинг қарорларини ҳурмат қилинг, ғайриоддий, ўз фикрини қўрқмай айта оладиган шахс тайёрланг. Ҳаётингизга деярли таъсир ўтказмайдиган одамлар гап сўзига эътибор берманг, улар кулсангиз ҳам гапиради, йиғласангиз ҳам.
Ишонинг, Навоийлар, Бухорий-у Хоразмийлар, Ортиқ Отажоновдек оташнафаслар, Тамарахоним, Тансиқбоевлар, Эркин Воҳидовлар ҳали ҳам бор орамизда. Фақат қўлга қалам ёки чолғу ўрнига кетмон тутишга мажбур қилмасангиз бас!!!
Шахруза Сатторова