Тиббиёт йўналишида таниқли олим, профессор Зарифбой Ибодуллаев Ўзбекистон Президентига мурожаат билан чиқди

“Олий таълимда 30 йиллик стажга эга мутахассис сифатида сизга қуйидаги таклифларим бор”, – дейди префессор “ОЛИЙ ТИББИЙ ТАЪЛИМ ИСЛОҲОТГА МУҲТОЖ!” деб номлаган мурожаатида.

Профессорнинг таклиф этишича, “ҳар бир ОТМ профессор-ўқитувчилари орасидан ҳақиқий илм фидойиларидан бир нечтасини танлаб, уларнинг орасидан энг кўп овоз олган профессор номзоди Ректорлик лавозимига тавсия қилинсин”. Шундай тартибда номзод Президент Администрацияси ва Сенатга таклиф қилинишини истамоқда З.Ибодуллаев.

Унинг фикрича, олий Аттестация комиссияси йўқ қилиниши ва Фанлар академияси статуси қайта кўриб чиқилиши керак. “Россия филиалларини очавериш бас қилинсин, фақат Ғарб давлатлари филиаллари очилсин (мен буни авваллари ҳам тинимсиз гапириб келганман)!” —деб ёзмоқда профессор.

Ёши 70 дан ошган профессор-ўқитувчилар ОТМда ёшларга ўз ўрнини бўшатиб бериши кераклиги таклиф этилмоқди мурожаатда. “Нафақат Фанлар академияси, балки ОТМ даги баьзи кафедралар ҳам «Қариялар уйига» айланиб бормоқда. 70 ёшдан ошган олим илмий ғоя бера олмайди, фақат илм ҳақида насиҳат қила олади, холос”.

“Ҳурматли профессорлар! Биз ўзимизга-ўзимиз баҳо бермайлик. Таълим сифатини баҳосини талаба ва магистрлар берсин. Сиз профессорлар таълим бизда жуда зўр деб гапириб ётибсизлар. У ҳолда нега ёшларнинг лоақал 1 фоизи ҳам Сизларни маъқулламади? Ана шунинг ўзи тиббий таълимга берилган баҳо эмасми?” —дея ҳамкасбларига савол қўймоқда З.Ибодуллаев.

Профессорнинг фикрича, ёши 70 дан ошган барча профессорларни диссертациялар ёқланадиган ихтисослашган Кенгашлардан ҳам четлаштириш керак. “Қандай қилиб битта ихтисослашган Кенгашни битта профессор 20 йил, баъзида 30 йил бошқариши мумкин. Ақл бовар қиладими шунга?”— дея савол қўймоқда.

Префессор Зарифбой Ибодуллаев мурожаатидан англашилишича, сўнгги вақтларда ҳамкасблари орасида уни қоралаш кампанияси бошланган. Мурожаатда тушунилишича, ҳамкасблари у 10 йил мобайнида ректорларга ёлвориб кўтарган масалада қўллаб-қувватлашмаган. Лекин айнан қайси масала экани мурожаатда келтирилмаган. “Тинимсиз менга «Кечирим сўраб чиқ» деб гапириб ётибсиз!”— деб таъкидлаган профессор.

“Турли тадбирлар билан талабани тарбиялаб бўлмайди. Мени фикримни «30 йиллик тарбия» услуби исботлаб турибди. Эсда тутинг! Яхши тадбир эмас, яхши муҳит талабани тарбиялайди! Президент шу боис ҳам талабага яхши муҳит яратинг, деб кўп бора айтади.  Вазиятни тўғри тушуниб мени деярли 100 фоиз қўллаб келаётган ёш тадқиқотчилар, магистрлар, клиник ординаторлар ва талалабаларга ҳам ўзимнинг чуқур миннатдорчилигимни билдираман!” —деб ёзади Зарифбой Ибодуллаев 2022 йил 6 март куни йўллаган мурожаатида.