Вазирликларни жорий этиш вазирлиги(фельетон)

Очиғини айтсам, ҳозир ёмғир ёғяпти. Бошқа кунлари ёғмайди. Айни шу шошиб турганимда ёғади-да. Энди кеча кечроқ ётган эканман,яхшигина зах ҳам ўтган экан, бугун кечроқ турдим. Ишга кечикадиган даражада. Шунинг учун такси олишга тўғри келди.

Ўзи таксини унча ёқтирмайман. Чунки таксига минган куним ишим юришмайди (йўқ жойдан ортиқча харажат қилганимнинг ўзи қанча пушаймон!). Андава қўлимдан тушиб кетади, кийимимга краска тегади ё яна бир бало.

Сизни билмадим-у мен таксичиларни икки тоифага бўламан – гапириб кетувчилар ва жим юрувчилар.

Бу сафар чакак-дўхтирига учрабман. Қулоғидаги матоҳни кўриб, телефонда гаплашаётган бўлса керак, деб ўйлагандим. Йўқ, менга гапираётган экан.

— Эй, май қара, укам!..

Кеч қолганим учун баҳона ўйлаш билан банд бўлиб, чалғиган эканман. Ҳайдовчи мен томон ўгирилиб қараганидан кейин “қулоқ” камина эканини фаҳмладим. Яхшироқ тушунингиз учун унинг гапларини сал текислаб айтаман.

— Мана шу гапировришади, тушуняпсанми? А спорт билан маданият ҳар хил нарса-ку! Давно қилиш керак эди. У – отдельно, бу – отдельно. А так, уларга қўйиб берсанг, олимпиадага ашиллачини, гастролга боксёрни жўнатиб юбориши ҳеч гап эмас! Тушуниш керак-да буни.

Мен эътибор бермаган эканман, жавраб кетаётган радиода шу ҳақда гап бўлаётган экан.

Ҳайдовчи тинмаяпти:

— Энди ўзинг қара, — деди у, — Хитойга биттагина спортсменимиз борди. Уятми? Уят! А так, бизда қиш бўлмаса ҳам қишки спортда қатнашадиган болалар кўп. Нега битта боради? Чунки спортни тушунишмайди.

Хафа бўлмасин деб, бош ирғиб қўйдим. Очиғини айтсам, спортни унча ёқтирмайман. Дўстлар даврасида фидбол кўриб қолишса, зерикаман. Аллақаёқдаги ит билмас жамоаларга ишқибозлик қилишади, жон куйдиришади. Масалан, “Барселона ўзи қаерда?” ёки “Манчестерга борганмисан ўзи?” деб сўрасангиз, миқ этолмайди. Лекин мухлислик қилади. Ваҳоланки, бирор инглиз ё испан “Сарбаҳор” ё “Нефтегазчи” учун жонини ачитганини кўрган эмасман. Буларнинг борлигиниям билмайди.

Бир гал бизникилар Эмиратнинг болалари билан ўйнашаётган экан. Телевизор трибунани кўрсатиб қолди. Эмиратликлар соқолли бир кишининг катта суратини кўтариб олишган экан. Яқинда биттаси гол урганди. Ёнимдаги ишқибозга “Голни шу урдими?” дедим. “Э анқов, бу фидболистмас, Эмиратни пошшоси!” деди.

Шуларни ўйлаб қолувдим,ҳайдовчи менга бир ишшайиб қўйиб давом этди:

— Ҳи-ҳи, сен улар маданиятни тушунар балки, деб ўйлаяпсанми?“М” ҳарфиниям тушунмайди. Ҳамма жойга тушунадиган одамни қўйиш керак. Спортга – спортчини, маданиятга – маданиятчини. Тўғрими?!

— Ҳа, — дедим ноилож.

— А булар нима қиляпти? Шиномонтажга гаишникни қўйиб қўйсанг, ишлоладими? Йўқ!Ёки сомсачини сартарошхонага обориб қўйсанг, бажара оладими? Йўқ! Ана шунақа, укам.

Бу янги вазирликларни гапираётганини энди тушундим. Очиғини айтсам, сиёсатни унча ёқтирмайман. Масалан, ҳозир “Американи пошшоси ким?” деб сўрасангиз, ўлай агар, айтолмайман.

— Булар энди хотин—қизлар вазирлигини очди, — дерди ҳайдовчи радиотўлқинни ўзгартириб. — Тўғриси бор—ку, шу вазирликлар ҳам жуда кўпайиб кетди…

Радиодаги биринчи оҳанг спорт билан маданиятни ажратиш тўғрисида бўлиб, биринчи ўзгариш “акам”га ёққан, лекин иккинчиси энди энсасини қотираётган эди.

— Бизда, агар ҳисоблаб чиқса, укам, юзтадан кўп вазирлик бор экан, — деди у.

— Йўғ-э, — дедим.

— Э май қара, — деди у. –Вазирлик билан равнайс турадиган агентство, комитет, службаларни қўшиб чиқса, роса кўп экан. Менимча, шу бизда вазирликларни жорий этиш вазирлиги етишмайди, укам. Анов куни биттасидан эшитдим, Америкадай дунёнинг энг катта давлатидаям бунча эмас экан. У ёқда тўрт-бешта вазир и всё! Қолганини губернатор деган вазир бошқараркан. Даже маданият вазириям йўқ экан-да, тушуняпсанми?! Голливуд ўзи ҳал қиларкан.Э маданият нима бўпти, кабминиям йўқ экан уларда.

— Голливуд фақат кино чиқармайдими? — дедим.

— Йўқ. Номи – фақат кино. А так, у ерда ҳамма санъаткорлар йиғиларкан. Артистиям, ашиллачисиям ўша ерда бўларкан.

— Қойил, — дедим, — иши анча осон экан.

— А бизда-чи, — ҳайдовчи ўз—ўзидан нимадандир тутақиб кетди. — Ишини тайини бўлмасаям, кўпайтириб ётишибди. Кошки фойдаси тегаётган бўлса. Давлатни ўмариб ётади ҳаммаси. Шу маданиятни умуман ёпиб ташлаш керак ўзи!

“Акам” маданият соҳасини унча хушламас экан, деб ўйлаб турувдим, адашган эканман. У радио кимни ёқтирмаса, шуни ёқтирмас, кимга хайрихоҳ бўлса, шунга хайрихоҳ бўлар экан.

— Э бошқалариниям ёпиш керак, —деди. — Ҳамма жойда ҳоким борми, бор. Ўзи қарасин-да. Нима кераги бор бунча бекорчини тўплаб? Анунда биттасини кечаси 12да уйига обориб қўйдим. “Иш кўп”, дейди. Мен айтдим, “аввалисига бир грамм ишларинг йўқ”, дедим. “Ўзларингга ўзларинг бир нималарни ўйлаб топиб, кейин шуни бажариш учун ўзларингча куйиб-пишасанлар”, дедим. Тўғри айтибманми?!

— Энди…

—Йўқ, ўзинг тушунгин-да, укам. Указ чиқса, булар план тузиб топширади. Кейин исполненияси бўйича отчёт топширади. Тойс, “борди қоғоз, келди қоғоз” қилишади. Кейин ярим кечаси уйига бориб, “чарчадим” дейди. Нимага бундай деяётганимни биласанми? Кўпчиликдан эшитганман. Ўзим ҳам таксига ўтиришдан олдин давлат ишида озгина ишлаганман. Шунақа эди – қоғозни тўғрилаб қўйсанг, у ёғи билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Бизда шунинг учун ҳам развитие йўқ…

Ҳайдовчи қаттиқ хўрсиниб қўйди. Бутун Ўзбекистоннинг ташвиши шунинг гарданига тушгандек эди.

—Эътибор берманг, — дедим унга далда бериш учун. — Янги ишхона очилса, қанча—қанча одам ишли бўлиб қолади. Бошлиққа ўринбосар керак, шофёр керак, ёрдамчи керак, котиба керак. Ўринбосарларгаям кўп нарсалар керак. Вилоятлардаги отделларда қанча—қанча одам ишлайди. Шу томонини ўйланг, бекорга ўзингизни сиқманг.

—Сен устимдан куляпсанми, укам! —деди у ранги ўзгариб. –Экономикадан умуман ноль экансан-ку. А шунча одамга ким пул беради, ким здание, машина беради, ўйлаяпсанми? Бу турган—битгани растрата-ку.

Бу ёғини ўйламаган эканман. Айтдим-ку, сиёсатни ёқтирмайман ўзи.

—Ҳа, бу томондан қараса, не то экан, — деб қўйдим.

Ўзи малярлик, штукатурка, сувоқ билан ишлайдиган одамман, тўғрисини айтсам. Баъзан давлат ишхонасидан буюртма тушиб қолади. Очиғи, қанақа идорада ишлаганимни ҳам билмай қайтаман. Фарқи нима! “Лўлининг эшагини суғор, пулини ол”. Шунинг учун ҳайдовчи айтган гапларга умуман фаҳмим етмади. Яхшики, объектга яқинлашиб қолгандик.

— Сал чапроқ олсангиз, анови машина чиқаётган жойдан 150 метр ичкарига кирамиз, — дедим.

Ҳайдовчи бу ерларни яхши билиши, кимлардир шу ерда яшаши ё яшагани ҳақида гапира бошлади. Худога шукр, бу унча чўзилмади. Чунки етиб келган эдик.

Ҳаммасидан хурсанд бўлганим шуки, радиода бошқа гап бўлмади, сўзни бир хонандага беришди. Бўлмаса, такси тўхтагандан кейин ҳам сиёсат ҳақида ақлим етмаган гапларни эшитишимга тўғри келарди, чунки “акам”нинг оғзи тиниши даргумон эди. Айтяпман-ку, ўзи сиёсатни унча ёқтирмайман.

Жулқунбойнинг жияни