Чумолилар инсон танасидаги саратон ҳужайраларини аниқлаши мумкин

Франция Миллий илмий тадқиқот маркази (CNRS) томонидан ўтказилган тажрибага кўра, чумолилар одамларда саратон касаллигини аниқлаш қобилиятига эга. Ҳашаротлар саратон ҳужайраларини ҳидлаб топа олади, деб хабар бермоқда iScience.

Тадқиқотда Formica fusca (жигарранг ўрмон чумолилари) туридаги чумолилар иштирок этган. Маълум бўлишича, уларда ҳид билиш ҳисси жуда яхши ривожланган.

Лабораторияда 36 чумоли инсон саратон ҳужайралари намуналари билан таништирилиб, кейин бу ҳидга шакар эритмасининг аромати қўшилган.

Кузатишлар шуни кўрсатдики, табиатда яшаш учун ҳид ҳиссидан фаол фойдаланадиган ҳашаротлар бир неча дақиқа машғулотлардан сўнг соғлом инсон ҳужайраларини саратон ҳужайраларидан ажрата олади.

Олимларнинг тушунтиришича, Formica fusca «саратон ҳужайралари томонидан чиқарилган учувчи органик бирикмаларни аниқлай олади». Аммо бу тажрибанинг биринчи тури эди. Унинг оммавий диагностика истиқболларини баҳолаш учун бир қатор қўшимча тестлар талаб қилинади.

Илгари шунга ўхшаш тажрибалар итлар билан ўтказилган. Аммо итлар керакли ҳидни таниб олишни ўрганиш учун узоқ муддатли машғулотларни талаб қилди — бир неча ойдан бир йилгача.

Янги тадқиқот муаллифлари чумолилар бундай мақсадлар учун қулайроқ эканини айтишди. Улар «юқори салоҳиятга эга ва тез ўрганадилар». Бундан ташқари, уларни кўпайтириш ва ўстириш осонроқ. Келажакда чумолилардан бошқа касалликларни (масалан, безгак ёки диабет каби) аниқлаш ёки ноқонуний ёки портловчи моддаларни қидириш учун ҳам фойдаланиш мумкин, дея ҳисоблайди олимлар.