МАКОНДО КЎККА ИНТИЛАДИ (Фельетон ўрнида)

(Максим Горький ва Габриэль Гарсиа Маркес маъзур тутсин)

Буэндиа сулоласи батамом йўқ бўлиб кетганидан кейин, вақтлар ўтиб, шўрлик Макондо аҳли ахийри мустақил бўлди. Лекин энди эски инқилобчилар қолмаган, ўлкани уларнинг зурриётлари бошқарарди. Англия лордлари сингари бу ерда ҳам мансаб-лавозим авлоддан авлодга ўтар, бош раҳбар – Генерал, ҳукумат ва парламент – Олий инқилобий кенгаш эди.

Аслида Макондода турмуш анча изга тушиб олган, ҳамма ўз юмуши билан овора бўлиб, ортиқча бошқарувга унчалик зарурат ҳам йўқ эди. Шундай бўлса-да, Олий инқилобий кенгаш Худонинг берган куни эринмай йиғилар ва турли-туман баҳслар ўтказар, баъзан журналистлар бу анжуманлардан ҳеч ким писанд қилмайдиган репортажлар тайёрларди.

Бу ҳафта ҳам шундай йиғилиш билан бошланди.

– Ҳурматли сафдош-қуролдошлар! – деди полковник Анхелио, у Раис эди, – бу ҳафта нималарни муҳокама қилиш тўғрисида бир маслаҳатлашиб олсак.

– Анави Шимолий давлат билан Чекка давлатни нима қиламиз, ҳурматли сафдош-қуролдошим Раис Анхелио? – деб гап бошлади ноиблар орасида ташқи ишларга жавоб берувчи полковник Йоандру. – Бирор муносабат билдириб қўйсакми, девдим.

– Шартми шу? – деди Раис. – Олдин бошқалар бирор нима десин, кейин ўйлаб кўрамиз. Ҳозирча Генерал бу хусусда бирор распоряжение бермадилар менга. Улар иккови ҳам эски революционер. Бирига ён боссанг, иккинчиси хафа бўлади. Эртага ярашиб олишса, уятли бўлиб қоламиз. Энг муҳими, Чекка давлатдаги валади революционерларимизни юртга келтириб олдик. Бу ёғига сизнинг Яниэллангиз, ҳурматли сафдош-қуролдошим Йоандру, бир кичкинагина баёнот қилиб берса, етади. У ўзи яхши билади нима деб ёзишни: тинч йўл, куч ишлатмаслик ва шунга ўхшаш гаплар.

– Тушунарли, – деди полковник Йоандру.

– Хўш, яна нима? Дадилроқ бўлайлик, ҳурматли сафдош-қуролдош дўстларим, дадилроқ!

– Қадрли сафдош-қуролдошим Раис Анхелио, ҳурматли сафдош-қуролдош дўстлар, – деб гап бошлади полковник Рохелио, – ўтган ҳафта бир киши – мен унинг исмини айтишдан ҳазар қиламан! – хорижда ишлаётган ватандошларимиздан, аниқроғи, эринчоқ ва дангаса ватанфурушларимиздан солиқ олиш тўғрисида гап ўйлаб топиб, бизни чет элликлар олдида хўп изза қилди. Ўзи асли революционерлардан эмас эди. Яхшики, биз у ярамасни дарров Кенгашдан ҳайдаб юбордик. Муҳокама учун бирор мавзуни илгари сурар эканмиз, мана шундай бўлмағур ташаббуслардан узоқроқ бўлайлик. Шуни эслатиб қўйишни ўзимнинг инқилобий бурчим деб биламан. Раҳмат.

– Миннатдорман, ҳурматли сафдош-қуролдошим Рохелио! – деди Раис ва Кенгашга юзланди: – Қани, марҳамат!

– Тунов куни бозорда менга бир аравакаш жуда қўпол муомала қилди, – деди полковник Мигель. У маданият масалаларига қарар эди. – Кимлигимни билганидан кейин кечирим сўради, албатта (бу гапи ёлғон эканини юқорига олайиб қараган кўзлари билдириб қўйди)… Шуларнинг бир танобини тортиб қўйсак бўларди.

– Нима қиламиз дейсиз?

– Шуларгаям бир солиқ жорий этсак. Кунига қанча одамга хизмат қилганини ҳисоблашни йўлга қўйсак. Шунга қараб даромадидан ундирилади.

– Бу ҳам тузук, қадрли сафдош-қуролдошим Мигель! Кимлар туфайли шундай доруломон замонда яшаётганини билиб қўйсин бу пандавақилар, – деди Раис. – Яна ким нима дейди?

– Мактаб ва инверститетларда қизларнинг фуражкасиз юриши масаласини кўтариб чиқсак бўлмайдими? – деди Кенгашнинг ягона аёл аъзоси бўлган полковник Апони. У қадим ҳиндулар авлодидан бўлиб, жанговарликдан фақат ташқи қиёфаси қолган эди.

– Бошига қўндириб юришсинми ё ечишсинми? – деди Раис.

– Улар ҳозир ечиб юрибди. Бу – Инқилобга ҳурматсизлик, шунинг учун ўқув жойларида доимий кийиб юришини мажбурий қилиб қўйсак.

– Унда – маъқул. Лекин, ҳурматли сафдош-қуролдош дўстларим, бу бир ҳафтага камлик қиладиган масала. Генерал сал жон койитиб айтяптилар: “Силар ҳафта давомида нима иш қиласлар ўзи”, деб. Шунинг учун катта-катта гапирайлик.

Қисқа жимликдан фойдаланган Раис девордаги тугмачани босди ва столнинг чеккасига қараб: “Анхелика, марҳамат қилиб, бизга қаҳва келтирсангиз”, деб қўйди.

– Генерал шундай деяётган бўлсалар, – деб сўз олди полковник Пауло, – мен халқимиз иззат-нафсига тааллуқли масалани кўтараман!

– Нима экан у?

– Биз носвоиус деган иллатга бутунлай чек қўйиш бўйича катта кампания бошлашимиз керак! Четдан келганлар бозорларимизда очиқдан-очиқ сотилаётган бу бемазани кўриб, бурнини жийиряпти. Заграницага борган ватандошларимизнинг сумкасидан у ёқдаги таможнилар салафан-салафан шу бемазани топиб оляпти. Қачонгача бундай шарманда бўламиз, чидаб бўладими, ахир?!

– Энди бу – сал нозик масала, – деди полковник Дуван, – инқилобчи оталаримиз сафида у нарсани истеъмол қилганлари ҳам бўлган. Тегиб кетмасмикан?

– Йўқ. Оталаримиз мажбуриятдан шундай қилган. Чунки у вақтлари сигарет олтиндан қиммат эди. Ҳозир шароит умуман бошқача.

– У ҳолда, шу масалани муҳокамага қўямиз, – деди Раис ва яна бояги тугмачани босиб, стол четига буйруқ берди: – тушдан кейин журналистларни чақиринг!

Шундан кейин кеча телевизордан берилган кинолар, футбол бўйича Лотин Америкаси кубоги мусобақалари каби мавзуларда жўн суҳбат бошланди. Кейинроқ тушлик масаласи қизғин муҳокамадан ўтказилди. Кимдир янги очилган Севиче[1] марказида аввал арепа[2]ни яримта ахиако[3]га ботириб ейиш, орқасидин севиченинг ўзини қабул қилиш таклифи билан чиқди. Яна биров эмпанадос[4] тайёрланадиган зўр жой топганини, у ернинг сопапийяс[5]лари ҳам жуда мазали эканини айтди. Лекин охир-оқибат ҳамма Раис айтган жойга – пойтахт чеккасидаги хушҳаво жойда очилган Санкочо[6] марказига боришга рози бўлди.

Котиба Анхелика арава, фуражка ва носвоиус масалалари муҳокамаси бўйича ҳафталик иш режалари, ҳисобот ва қарорларни тайёрлашга тушди. Кенгаш аъзолари ҳафта охирида уларга имзо чекади.

ЖУЛҚУНБОЙнинг жияни,

махсус мухбир.

Макондо


[1] Мариновка қилинган балиқ ва бошқа денгиз маҳсулотларидан тайёрланадиган таом.

[2] Жўхори унидан тайёрланадиган мазали нон.

[3] Товуқ гўшти, жўхори ва картошкали шўрва.

[4] Сомсага ўхшаш пишириқ.

[5] Пирогсимон пишириқ.

[6] Сергўшт қилиб пишириладиган ҳалимдек қуюқ шўрва.