16 март куни Зангиотадаги аёллар қамоқхонаси маъмурияти айни муассасада жазо ўтаётган Гулнора Каримовани тинтув қилган. Бу ҳақда Каримованинг қизи Иман ўзининг инстаграмдаги саҳифасида маълум қилган.
“Афсуски, ижтимоий тармоқларда фактларни эълон қилишни бошламагунимча, ёзма шикоятларим ҳар сафар эътиборга олинмагани учун яна оммавий равишда мурожаат қилишим керак. Юзлаб одамлар онамнинг соғлиғи ва аҳволи ҳақида хабар ва маълумот сўраб мен билан боғланишади. Вазият яхшилангани йўқ, ҳатто ёмонлашишда давом этмоқда.
Онам Гулнора Каримовага нисбатан “Кин-21” раҳбари Гулруҳ Расуловна томонидан кўплаб ҳуқуқбузарликлар содир этаётгани ҳақида маълум қилмоқчиман.
2022 йил 16 март куни онам жойлашган хонада “Кин-21” муассасаси бошлиғи Гулрух Расуловна томонидан ГУИН “топшириқ” баҳонасида ноқонуний тинтув ўтказилган.
Унинг мақсади нимадир излаш эмас, балки онамни бутунлай ахлоқий жиҳатдан мувозанатдан чиқариш ва шу билан жанжал ва психологик босимни қўзғатиш эди. Онамнинг барча шахсий буюмлари олиб кетилиб, унга синган, йиртилган ҳолда қайтарилган ёки умуман қайтарилмаган. Унинг оиласи, набираси ва ҳатто Қуръони карим суратларини Гулруҳ Расуловна протокол тузмасдан йиртиб ташлаган.
Бундан ташқари, Гулруҳ Расуловна онамга қўнғироқ қилмаслик, хат қабул қилмаслик ва ёзмаслик буюрган, шу орқали уни дунёдан ажратиб қўйишда давом этмоқда. У, шунингдек, онам билан мулоқот қиладиган ва ҳатто шунчаки гаплашадиган ҳар бир кишини даҳшатга солиб, уларни жазо камерасига қамаб қўяди. Айнан Гулруҳ Расуловнанинг йиллар давомида қилган ҳаракатлари туфайли онамнинг адвокатлари Грегуар Манжой ва Франсуа Зимерей шу йилнинг ёзида БМТнинг Ўзбошимчалик асосида ҳибсга олиш бўйича ишчи гуруҳига ариза билан мурожаат қилишган ва ҳозирда иш кўрилмоқда, деб ёзади Иман ўзининг саҳифасида.
Эслатиб ўтамиз, Гулнора Каримова Ўзбекистонда 13 йилу 4 ойлик қамоқ жазосини ўтамоқда.