Яқинда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳон топшириш бўйича Тошкент шаҳридаги ягона марказ 1 апрелдан назарий ва амалий тест синовларидан ўтиш нархини ошириши ҳақида хабар берилди. Хабарда ёзилишича, марказ очилган пайтда белгиланган 100 минг сўмдан 150 минг сўмга (50 фоизга) ошади. Комил Алламжонов Тошкент имтиҳон марказидаги нарх ошишига сабабларни кўрсатди. «Бизга нисбатан бирор фикр билдиришдан олдин яхшилаб ўйлаб кўришингизни маслаҳат берган бўлар эдим…»
К.Алламжонов Тошкент имтиҳон марказида нархларнинг 50 фоизга ошишига асосий сабабларни санаб ўтди. Ер солиқлари ошгани, валюта курси кўтарилгани бунга сабаб қилиб кўрсатилган. Буларнинг барчасини ўзининг видеомурожаатида айтиб ўтган.
«Тошкент имтиҳон марказидаги нархлар оширилишининг асосий сабаби бу, марказ очилиши учун олинган кредитлар валютада олинган, уни қайтариш керак. Бундан ташқари имтиҳон марказидаги техникалар ҳаммаси чет элдан олиб келинган, уларнинг ҳам шартномалари валютада, буларнинг ҳам тўловини доим тўлаб туриш керак.
Шу билан биргаликда солиқлар ошди, солиқлар ошгани оқибатида ер, мол-мулк солиғининг ўзи бир йилда бир миллиарддан ошиқни ташкил қилади. Ер солиғининг ўзи ҳам 400 миллионни ташкил этади. Ҳаммаси нархларни оширишимизнинг асосий сабабларидан бири.
Бизнинг ҳисоб-китобимизга кўра, марказимиз очилгунига қадар Тошкент шаҳридаги имтиҳон марказларига кунига 400 га яқин одам келган бўлса, марказ очилиши билан аввалига 50-60 та кейинги ойдан 150-170 киши имтиҳон топшириш учун келяпти.
Қолганлар қаерга бориб имтиҳон топширяпти, қаердан ҳайдовчилик гувоҳномасини оляпти биз буни билмаймиз. Бизда Тошкент имтиҳон марказига келиб бир марта имтиҳондан ўта олмасдан, бошқа вилоятларга бориб имтиҳондан ўтиб права олганлар ҳақида ҳам маълумотлар бор. Энди буни қандай амалга оширилиши мумкинлигини ўзингиз хулоса қилиб олаверинг», – дея таъкидлаган К.Алламжонов.
Шу ўринда бир ҳақли савол туғилади, сизнинг марказингиз солиқлари қарийб 1 млрд. бўлса, ер солиғининг ўзи 400 млн. сўмни ташкил қилса, сиз қанча ҳудудга эгалик қиляпсиз? Нега ҳаммасини биратўла очиқлаб юбормадингиз? ТИМ қанча ҳудудга эгалик қилиши аниқ бўлмаганидан кейин, солиқлар шаффофлигига одамларни қандай ишонтириш мумкин?..
Алламжонов видеомурожаатида айрим блогер ва жамият фаоллари томонидан унга нисбатан ўринсиз танқидлар ва туҳматлар қилинаётгани ҳақида иддао қилиб ўтган.
«Шунингдек айрим блогерлар мени монополист сифатида таъкидлашга уринишмоқда, гўёки мен монополист сифатида қоплаб пул қилаётган одамдек тасвирлашга ҳаркат қилишяпти.
Биринчидан, мен монополист эмасман, бизнинг марказ ҳам монопол эмас, чунки бу қарор икки йил олдин қабул қилинган. 2 йил мобайнида ҳеч ким бу ташкилотни очмади, энди биз буни қарор билан очиб, ҳозирча ягона бўлиб турганимиз учун биз монопол ҳисобланмаймиз. Агар олдин икки учта очиб олиб, кейин бу фаолият билан шуғулланиш керак, деб айтилса, бу умуман мантиққа тўғри келмайдиган фикр. Кимдир биринчи бўлиши керакку, бизни биринчи бўлганимиз бизни якка монопол дейишга арзирли сабаб бўлиб қолмайди.
Қоплаб пул қилиш, фақат пул қилиш учун нархларни оширмоқда, деган фикрлар кўп айтилди, аслида ундай эмас. Масалан, олдинги ойда ҳатто иш ҳақларини тўлашга пулимиз етмади. Ҳатто ойликка қўшимча инвестиция ҳисобидан тўлов қилишга мажбур бўлдик. Ишонмасангиз келинг, барча ҳисоб-китоблар очиқ кўрсатиб берилади.
Бизнинг олдимизга қўйган мақсадимиз йўлдаги муаммоларни камайтиришми, аварияларни олдини олиш, коррупциянинг олдини олишми ёки бўлмасам монопол, қоплаб пул қиляпти деган гаплар билан кимнингдир оёғига болта уришми? Мен ўйлайманки асл мақсад соғлом бўлиши керак.
Аслида бу соҳа модернизация қилинишга муҳтож. Мана шунча йил давомида соҳа вакиллари буни амалга оширмади, улар фақат пул қилди. Бу соҳа эгалари буни ривожлантиришга ҳисса қўшмади, бизга ўхшаб миллионлаб доллар пул тикилмади. Бу соҳадан турли ноқонуний йўллар билан пул қилинди, энди эса ҳамманинг тасаввурида бу соҳага ким қадам қўйса одамлар пул қилишда айбланиши табиий.
Шу пайтгача имтиҳонлар фақат тўртта кнопкали совет давридан қолган машинкаларда ўтказилар эди. Биз шу соҳага ёрдам бериб, 2012-2013 йилларда компьютерлаштирилди, анимацион тестлар жорий қилинди ва 9 йил давомида биз шу ишларнинг барчасини бепул амалга ошириб келганмиз. Биз автомактаблар соҳасига кирмагунимизча тайинли бир китоб ҳам бўлмаган, ҳамма ўқитувчи истаган маълумотини олиб, дарс берган. Қаердан брошюралар, эски китоблар топиб дарс беришган, чунки алал оқибат имтиҳонга пул йиғиб берилган ва шу зайилда ҳаракат давом этиб келган. Ўша пайтларда права олганларнинг барчаси буни жуда яхши билади. Бу янгилик эмас, мана шунинг оқибатида на бир дастур янгиланган, на бир китоб чиқаришга иштиёқ бўлган. Буни ҳаммасини биз қилиб бердик, буни бизнинг жамоа ва ўша пайтдаги фидоий домлаларимиз амалга оширди.
Айтмоқчи бўлганим шу-ки, албатта нарх ошиши яхши эмас, биз ҳам буни жуда яхши тушанамиз, бу нарса одамларга ёқмаслигини ҳам яхши биламиз. Минг афсуски, бизнинг ҳозирча бошқа йўлимиз йўқ.
Шу ўринда бир қизиқ томони, биз нархларни 150 минг сўм эмас, 2 млн. ёки 1 млн. қиламиз, олдингидек имтиҳондан ўтмасдан, шундоқ правани олиб кетасиз десак, аниқ биламанки ҳамма чопиб келади, ҳеч ким индамаган, демак бу ҳаммага ёқар экан. Лекин бундай бўлмайди, биз қаттиқ киришганмиз.
Олдинги ҳафтада айтиб ўтгандим, бир фуқаро имтиҳондан ўта олмасдан кўчага чиққанида 400 минг сўмга сертификат олиб бераман деганига ишониб пул берган ва алданиб қолди. Ҳозирда ИИБда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бизни ходимларимизга 200, 300, 400 долларгача пора таклиф қилиб, ўз масаласини ҳал қилишга уриниш ҳолатлари рўй берди. Буларнинг барчаси кўрсатиб турибдики, ҳамма қанча катта пул берса ҳам осонгина права олиб кетишга уринишмоқда. Биз бунга йўл қўймаймиз, охиригача курашамиз.
Барча нотўғри талқинлар бўлиши ва танқидларни хурсанд бўлиб қарши оламиз ва туҳматларга қарши курашамиз. Бизга нисбатан бирор фикр билдиришдан олдин яхшилаб ўйлаб кўришингизни маслаҳат берган бўлар эдим.
Сиз ҳақиқатда холис бўлсангиз 2000 га яқин одамнинг 70 фоиз қисми ҳам имтиҳондан ўта олмагани ҳақида ёзинг. Вилоятлардаги ҳамон давом этиб келаётган порахўрлик ва коррупция оқибатида права олиш ҳолатларини ўрганинг. Ҳали вилоятларда бунақа марказлар йўқ. Бизга етиб келган маълумотларга кўра, ҳамон у ерларда пул йиғиш ҳолатлари рўй бермоқда. Келинг мана шунга қарши биргаликда курашайлик. Бир биримизга ёрдам берайлик», – дея қўшимча қилган К.Алламжонов.
Вилоятларда ва шу каби имтиҳон марказларида бўлаётган пул йиғишлар олдиндан бор, дея иддао қилаётган одам ўзи 9 йил олдин бу соҳага кириб келганини иддао қилар экан, нега бу масалани олдинроқ кўтариб чиқмади? «Автотест» монополияси вақтида мажбуран ўқитилиб, пул ундирилгани, кейинчалик берилган сертификатларини бирор киши сўраб ҳам кўрмагани, арзимас қоғоз бўлгани ҳақида К.Алламжонов унутган бўлсада, миллионлаб пул тўлаган ҳайдовчилар, «Автотест»га миллиардлаб маблағ ўтказган корхона ва ташкилотлар буни эсдан чиқаргани йўқ ҳали. Шундай экан, ўша одам бугун чиқиб биз монополист эмасмиз деб туришига қанчалик ишониш мумкин?
Ўша вақтда ўзи бу соҳадан “соққа” қилишни бошлаб бергани барчага аён. Соҳа тепасидагиларнинг қилмишларидан хабари бор экан, давлат хизматининг катта лавозимларида ишлаб турганида шулар ҳақида бонг урмаган? Ваҳоланки, биргина ахборот билан соҳада текширув ишлари олиб борилишига эришиш мумкин эди.
Бизда доим позиция бир хил, ўзидан олдингиларни айблаш ва фақатгина ўзи томонидан қилинаётган ишларни олқишлаш, “улуғ” бир жиҳатларини кўрсатишга уриниш бор. К.Алламжоновнинг ҳам гапларидан шуни англаш мумкин. Бугунги кунга келиб ёки эртага бу соҳани порахўрликдан тозалашни мақсад қилиб қўйганмиз, дея айтилиши ҳам бирмунча баландпарвоз экани кўриниб турибди.
Яна бир гап. Бизда порахўрликни бартараф этиш эмас, аксарият ҳолларда ўша «оқим»ни ўзи томонига буриб олишга, бурганда ҳам қонуний қилиб, «ҳужжатини тўғрилаб» буриб олишга интилиш тобора кучайиб бораётгандек. К.Алламжонов асос солган Тошкент имтиҳон маркази фаолиятидан ҳам ана шунинг иси келяпти.