“Яккабоғ тумани кўчаларида ёмғирдан сўнг балиқ боқиш мумкин”— Ogoh.uz га аҳолидан мурожаат

Ogoh.uz ахборот-таҳлилий порталимизга навбатдаги мурожаат келди. Мурожаатчининг сўзларига кўра, Яккабоғ туманидаги бир қатор йўллар абгор ҳолатга келиб қолган.

“Фуқаролик ишлари бўйича Яккабоғ туманлараро суди биноси олдидаги йўлнинг абгор ахволга келганлиги хақида олдинроқ хабар қилган эдим. Орадан бир неча кунлар ўтиб, тупроқ, қум билан ямашаётганликларининг устидан чиқдик ва иккинчи марта ёзишга мажбур бўлдик. Бу галгиси эса учинчиси. Мақсадимизга етмагунимизча ёзаверамиз!”,— дея таъкидлайди мурожаатчи.

“Яккабоғ туманида жойлашган фуқаролик ишлари бўйича Яккабоғ туманлараро суди биносининг атрофи тобора абгор ахволга келиб қолмоқда. Хаттоки бинонинг шундоққина ёнида чиқинди ташлайдиган жой хам пайдо бўлган (биринчи расмда акс этган). Танқидимиздан сўнг йўлни тупроқ ва қум аралашмаси билан ямашган эди. Ёмғир ёғиши натижаси ямалган тупроқдан асар хам қолмаган. Туман рахбарияти, наҳотки, шу йўлни кўрмасалар? Хокимликдаги соҳа мутасаддиси (мовуни) йўлни асфальт билан яматиши хақида айтган эди. Бунга хам қарийб икки ой бўлди»,— дея қўшимча қилади у.

Шунингдек, мурожаатчи Яккабоғ тумани «Оқ тош» МФЙ Оқ тош кўчасидаги аҳволни қаттиқ танқид қилиб, кўчада ёмғирдан сўнг йиғилиб қолган сувда аҳоли балиқчилик билан шуғулланиши мумкинлиги ҳақида маълум қилади.

“Оқ тош МФЙ Оқ тош кўчасидаги истиқомад қилувчи фуқаролар, ёғингарчилик туфайли кўчаларида йиғилиб қолган сувдан унумли фойдаланмоқчи. Тадбиркорлик фаолиятини юритмоқчи бўлган Фуқароларга кредит олишларида озроқ ёрдам керак. Махалладаги хоким ёрдамчисидан, хокимликдаги тадбиркорлар палатаси рахбаридан холатни эътиборсиз қолдирмасликларини сўраб қоламиз! Қолаверса, Яккабоғ тумани хокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосаридан ҳам ушбу холатни ўрганиб, ижобий ечим топиши учун амалий иш қилишига ишонамиз», дея таъкидланади мурожаатда.

Яккабоғ тумани ҳокимлиги ҳамда мутасадди раҳбарлардан ҳолатга ойдинлик киритишларини, қачон муаммоларга ечим топишлари ҳақида аниқ маълумот беришларини сўраб қоламиз.