Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари раҳбарларига интизомий жазо чоралари қўлланилди.
Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати мажлисида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга чиқиб кетаётган шахсларни “Ишга марҳамат” мономарказлари, касб-ҳунарга ўқитиш ва қурилиш соҳаси малакали мутахассисларини тайёрлаш марказларида касбга ва чет тилларга ўқитишни йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди.
Ушбу масала юзасидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Ҳусанов) ҳамда Жиззах (Э.Солиев), Сирдарё (Ғ.Мирзаев) ва Тошкент (З.Мирзаев) вилоятлари ҳокимликлари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди, деб хабар берилмоқда “Янги Ўзбекистон” газетасининг бугунги сонида эълон қилинган хабарда.
Таъкидланишича, ҳудудларда шундай марказлар ташкил этилиб, замонавий жиҳозлар ва зарур асбоб-ускуналар билан таъминланган. Уларда ишсиз фуқароларни касб-ҳунар ва чет тилларга бепул ўқитиш учун грантлар ажратиш, эгаллаган касби ёки ўзлаштирган чет тили бўйича малака имтиҳонларини топшириб, муваффақиятли ўтган тақдирда имтиҳон харажатларини қоплаб бериш тизими йўлга қўйилган.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари томонидан меҳнат мигрантларини касб-ҳунар ва чет тилларга ўқитишда йўл қўйилаётган камчиликларга қатъий баҳо берилиб, алоҳида раҳбарларга интизомий жазо чоралари қўлланилган.
Бироқ вазирлик ва ҳокимликлар қандай камчиликларга йўл қўйгани ҳамда қайси раҳбарга қандай аниқ жазо қўлланилгани очиқланмаган.