Вазирлар Маҳкамасининг навбатдаги Раёсат мажлисида ОАВ ва жамоатчилик билан алоқаларни тизимли йўлга қўймагани учун бир қатор раҳбарлар қаттиқ огоҳлантириш олди.
Таъкидланишча, Вазирлар Маҳкамасининг навбатдаги Раёсат мажлисида “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–4366-сон қарори ижросини таъминлашда давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг масъулияти тўғрисидаги масала муҳокама қилинган.
Муҳокамада Халқ таълими вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қашқадарё, Андижон, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан очиқ маълумотлар ўн кундан бир ойгача кечиктириб эълон қилинганлиги айтиб ўтилган.
Шунингдек, ўрганилган 204 та туман ва шаҳар ҳокимликларининг 35 тасида расмий веб-сайти ишламаётгани ҳақида гап боради. Бир қанча идораларнинг матбуот хизмати яхши ишламайди, бажарилган ишлар оммага яхши ёритилмаслиги таъкидланган.
Олиб борилаётган очиқлик сиёсати юзасидан ишларни етарли ташкил этмагани, ОАВ ва жамоатчилик билан алоқаларни тизимли йўлга қўймагани учун Автомобиль йўллари қўмитаси раиси А.Абдувалиев ва Андижон шаҳри ҳокими Б.Ҳайдаров огоҳлантирилган.