Комил Алламжонов таниқли журналистни судга берганлигини айтди

Масс-медиани ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов таниқли мустақил журналист Сергей Ежков устидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органига ариза берган. Бу ҳақда унинг ўзи хабар берди.

Гап шундаки, шу йилнинг 21 февраль куни Сергей Ежков Uzmetronom.com сайтида «Бриллиантовый мальчик» сарлавҳаси остида мақола эълон қилган. Унда Комил Алламжонов 4,2 млн. долларлик тилла тақинчоқлар Ўзбекистонга ноқонуний олиб кирилишида шерикчиликда айбланган.

Алламжоновга кўра, Ежков унга туҳмат қилган ва Жиноят кодексининг 182-моддаси «Божхона тўғрисидаги қонунларни бузиш» каби оғир жиноятни содир этишда айблаган.

«Ежков билан шахсан таниш эмасман, лекин 2016 йилга қадар одамлар орасида у гўёки айрим махсус хизматларнинг буюртмаларини бажариб келган, маълум шахсларнинг обрўсига путур етказиш қуроли сифатида ишлатиб келинган, деган гаплар юради. Бу гап-сўзларнинг рост ёки ёлғонлигини билмайман, бу сафар ҳам буюртма бор ёки йўқ эканини энди тергов аниқлайди», деб ёзган у.

Алламжоновнинг айтишича, агар Ежков ўз мақоласида кўрсатган ҳолат бўйича далил келтира олмаса, унга нисбатан Жиноят кодексининг 139-моддаси, 3-қисми «а» банди (оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб туҳмат қилиш) билан жиноий иш қўзғатилиши мумкин.