Тафаккур вақти: Ким бахтли?

Ҳассага таянган бир қария йўлак бўйлаб оҳиста кетаётган эди. Шаҳар гавжум, одам кўп, ҳамма шошган.

Рўпарадан келаётган бир йигитча йўлак анча кенг бўлишига қарамай, қарияни елкаси билан бир уриб, шитоб билан ўтиб кетди. Шунда қария дарров ортга ўгирилди-да, йигитчага сўз қотди.

Катта тезликда кетаётган йигитча чолнинг бурилиб қарагани ва нимадир деганини пайқади. Аммо нима гаплигини аниқ эшита олмади. Чол ортидан сўкиб-қарғаб ҳақорат қилаётгандай туюлди. Бу ҳолдан аччиғи чиққан йигит тезда ортига қайтиб қариянинг олдига борди.

— Нима гап? Нима деб минғиллаяпсиз? Мен буни атай қилганим йўқ-ку! Шунинг учун одамнинг асабини бузиш керакми?

— Мен сизга фақатгина яхшилик тилаб дуо қилдим: “Бахтли бўлинг”, дедим холос.

Буни эшитиб, йигитча талмовсираб қолди. Ўзини иззат-нафси ерга урилгандай ҳис қилди ва яна ўдағайлай бошлади:

— Нима? Менинг пешонамга “бу — бахтсиз одам” деб ёзиб қўйибдими?

— Билмасам, мен пешонадаги тақдир битигини ўқий олмайман — кўзларим анча хиралашиб қолган. Лекин ҳаётий тажрибамдан яхши биланманки, бахтли одам бировга азият етказмайди.