(биринчи мақола)
Лондон пишқириб оқаётган дарёга ўхшайди. Мен бу ерда вақт тушунчасини бармоқларим орасидан сизаётган қумга ўхшатяпман. Бу ердаги ҳаёт фалсафасининг нақадар соддалиги, қайноқлиги, жўшқинлиги, одамлар юз-кўзларидаги қувонч ва бахтиёрлик ҳисси кишида ўзгача таассурот уйғотиши ҳам ўзгача. Қонунларнинг соат милларидек бехато ишлаши-ю кўчалару ҳиёбонлардаги интизом, тартиб, маданиятнинг юксаклиги-ю инсонийликнинг улуғворлигига чор-атрофдаги яшиллик ва табиат ҳодисалари ҳам омихта бўлиб кетгандек, гўё!
Нуфузли университетда таҳсил олаётган қизим ва тутинган укам Маъруфжон, Лондонни роса айлантиришди. Тафаккуримда янги дунё, янги мезонлару қарашлар куртак оча бошлади…
Шуларни англаган кўйи, бугун мамлакатимдаги ишсизлик, қашшоқликни, порахўрликни бартараф этишга бирон бир авторитар режимлар қодир эмас экан, деган тўхтамга келдим.
Биз бугун қулоғимизга ёқимли туюлаётган, баландпарвоз янграётган туркий давлатлар ташкилоти ҳам бунга қодир эмас. Чунки Туркия бошчилигидаги бу мамлакатларнинг барчаси туб ислоҳотларга муҳтож бўлган тоталитар, авторитар режим давлатларидир. Қани, шулар ичида саноати, иқтисодиёти гуллаб яшнаган, одамлари тўқ ва фаровон яшаётган бирортасини кўрсатиб берингчи?
Яқинда Туркияга қилган сафарим давомида мамлакатда саноатнинг ғариб аҳволини, миллионлаб турклар ўз насибасини чет эллардан излаётганини, бу ерда ҳам авторитар режим, бир тўда амалдорлар ҳукмронлик қилаётганини ўз кўзим билан кўрдим. Лиранинг қадрсизланиши, озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кескин ошиши бу мамлакат ҳаётининг доимий йўлдоши бўлиб келмоқда.
Нажот, тараққиёт йўлини қонхўр диктатура, қулликка асосланган авторитар тузумдан қутулиш йўлини Украина халқи кўрсатиб берди. Қаҳрамон украин халқи бугун нафақат ўзининг ҳудудий дахлсизлиги, эрк ва озодлиги, балки, Марказий Осиё халқлари учун ҳам ҳалоскорлик курашини олиб бормоқда. Бугун Украина майдонларида бўйинтуруқлар синмоқда, кишанлар парчаланмоқда, одамлар онги зулм, қўрқув кишанларидан тозаланмоқда. Асрлар давомида қуллик занжирида яшаган, гарчи, занжир ечилгани Белоруссая Пучада эълон қилинганига 30 йилдан ошган бўлсада, ҳамон «Москов» деган қозиқ атрофидан кета олмай, итоаткорлик бўйинтуруғини судраб юрган халқларга Оллоҳ бугун жуда катта имкониятни, ҳақиқат фурсатини бермоқда. Минглаб Қодирийлар, Чўлпонлар кутган фурсат келди. Бизнинг ҳақ-ҳуқуқимиз учун Украина мисолида Европа, Америка, бутун дунёдаги прогрессив инсоният нажот қўлини чўзмоқда. Энг қувонарлиси, АҚШ президенти Джо Байден бутун дунёда демократия ва автократия ўртасида жанг бошлангани, бу курашда Америка демократия йўлини танлаганларни қўллашини очиқ ойдин эълон қилди.
Америка, Европа бугун ночорлик, қашшоқлик, ҳуқуқсизлик гирдобидан қочаётган миллионлаб Марказий Осиёлик мигрантларни ўз бағрига қабул қилиш, уларни уй, иш билан таъминлашдан эмас, уларнинг ўз ватанларида хом-ашёга бой бўлган ўлкаларида саноатни, илм-фанни ривожлантиришдан, жаҳон бозорига қўшаётган ҳиссасини оширишдан, инсон ҳақ-ҳуқуқлари таъминланишидан кўпроқ манфаатдор.
Бунинг учун бу мамлакатларда сиёсий-иқтисодий ислоҳотлар ўтказилиши, инсон ҳуқуқлари таъминланиши, мамлакатда парламент ҳукумати шаклланиши керак. Мамлакатдан ўғирланган, талон-тарож қилинган бойликлар мамлакат хазинасига қайтарилиши керак. Бундай фурсат келди. Ҳақиқат фурсати келди. Буёғи қандай бўлиши сизу бизнинг онгимиздаги занжирлардан тезроқ халос бўлишимизга боғлиқ.
АҚШ ва Европа мамлакатлари учун дунёда қанчалик фарёд кам бўлса, шунчалик яхши.
Андижон қирғини, Хитойнинг Шинжонидаги уйғурларнинг қайта тарбиялаш лагерларидаги дод-фарёдини, Олма-ота қирғинида отиб ўлдирилганларнинг қичқириғини Америка, Европа эшитади. Бу кулфатлардан у ердаги халқларнинг юрак бағри эзилиб, вужуди жунбушга келади, лекин фожеанинг ёнида, ичида турган шу миллатга қондош, диндош бўлган давлатлар раҳбарлари чурқ етмайди.
Худди туркий давлатлар ташкилоти ватанига ҳиёнат қилган Назарбоевга жой беришу бир бирини мақташ, илтифот кўрсатиш учун керакдек?!.
*Фикр мулоҳазалар журналистнинг шахсий қарашлари бўлиб, таҳририятнинг нуқтаи назарини ифода этмайди