«Тиббиётда хусусий сектор фаолиятига қўшимча қулайликлар яратиш ва соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра:
• юқори малакали ва малакали мутахассислар тоифасига кирмайдиган бошқа чет эл фуқароси бўлган шифокорлар учун Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома берганлик учун йиғим миқдори 6 бараварга камайтирилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида ундирилади;
• Ўзбекистонга қисқа муддатга (бир ойгача), шу жумладан диагностика ҳамда даволаш амалиётларини бажариш, тажриба алмашиш дастурлари, маҳорат дарслари ўтказиш ва маърузалар уқиш, ходимлар малакасини ошириш мақсадида келаётган чет эл мутахассисларига Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома олиш талаб этилмайди;
• Ўзбекистон ҳудудида доимий яшаш жойига эга бўлмаган хорижий фуқаролар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслардан даволаш муассасалари томонидан ундириладиган туристик (меҳмонхона) йиғим бекор қилинади;
• даволаш муассасалари (бундан санаторий ва пансионатлар мустасно) учун туристик хизматларни сертификатлаштиришга бўлган талаб бекор қилинади. Бунда, даволаш муассасалари томонидан ташриф буюрувчиларни ҳисобга олиш автоматлаштирилган махсус дастур орқали электрон шаклда амалга оширилади;
• Президентнинг 2017 йил 1 апрелдаги ПҚ-2863-сон қарорида назарда тутилган, юридик шахслар томонидан, шу жумладан лизинг шартномаси асосида олиб келинадиган янги тиббиёт асбоб-ускуналари, бутловчи буюмлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ҳамда сарфлаш материаллари учун божхона имтиёзларининг амал қилиш муддати 2025 йил 1 январга қадар узайтирилади;
• тиббиёт асбоб-ускуналари ва буюмларининг эҳтиёт қисмларини ҳамда тиббиёт мақсадлари учун сарфлаш материалларини ўрнатилган тартибда шакллантириладиган рўйхатларга асосан, 2025 йил 1 январга қадар Ўзбекистон ҳудудига олиб киришда қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади.
Шунингдек, малака тоифаси олиш учун талаб этиладиган иш стажи муддатини қисқартирган ҳолда, тоифасиз ходимларга 3 йил, биринчи тоифа учун — 5 йил, олий тоифа учун — 7 йил этиб белгиланмоқда.