Очиқликдан ёпиқлик сари: энди қонунчилик ҳужжатларининг айримлари жамоатчилик муҳокамасига қўйилмайди



Энди идоралар халқ муҳокамасига ўзлари тайёрлаётган барча ҳужжат лойиҳаларини эмас, балки ўзларига маъқул ва жамоатчилик билан ҳисоблашиш муҳим бўлмаган ҳужжатларнигина муҳокамага қўйиш билан чекланиши мумкин. Барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун regulation.gov.uz порталига мажбурий жойлаштириш тартиби 2022 йил 17 мартдан бошлаб бекор қилинган. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ўзининг телеграм каналида маълум қилган.

“Куни кеча «ташаббусли бюджет»нинг жамоатчилик фаоллигини оширишдаги аҳамияти ҳақида тўлқинланиб, қувонч билан гапираётгандик.

Бугун эса жамоатчилик мамлакат қонунчилигини шакллантириш, ривожланишда оддий одамларнинг иштирокини таъминлашда муҳим бўлган ресурсдан билвосита маҳрум этилди. Энди идоралар халқ муҳокамасига ўзлари тайёрлаётган барча ҳужжат лойиҳаларини эмас, балки ўзларига маъқул ва жамоатчилик билан ҳисоблашиш муҳим бўлмаган ҳужжатларнигина муҳокамага қўйиш билан чекланиши мумкин”, — дея ёзади депутат.

Унинг сўзларига кўра, қарийб 4 йил олдин ўрнатилган тартиб бундан қарийб бир ой олдин бекор қилинган, Адлия эса бу ҳақда ўз ресурсларида хабар ҳам бермаган.

Маълум бўлишича, барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун regulation.gov.uz порталига мажбурий жойлаштириш тартиби 2022 йил 17 мартдан бошлаб бекор қилинган.

Шу куни қабул қилинган президент фармонига асосан, 2018 йил 3 апрелдаги қарорга ўзгартириш киритилиб, ундаги «барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари» сўзлари «муҳим иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари, қоида тариқасида» сўзлари билан алмаштирилган.

Қизиғи айнан қандай турдаги ҳужжатлар «муҳим иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга» бўлиши, бундай критерийни ким белгилаши очиқ қолдирилган.

Тўғриси жамоатчилик вакили сифатида бу қилинган ишни умид билан фаоллашиб, уйғониб бораётган жамиятнинг рухини тушириш, деб ҳисоблайман, дея қўшимча қилган у.