Тафаккур вақти: Ишончнинг баҳоси



Имом Абдуссалом Муборакфурий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг «Бухорийнинг сийрати» китобида қуйидаги ҳикояни келтирадилар.
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ хадис ривоят қилган ровийларни излаб денгиз сафарига чиқдилар.  Ёнларида  минг динорлари бор эди. Бу ўша даврда ғоятда катта маблағ эди. Кема эгаларидан бири, ул зотнинг олдиларига келиб, ўзининг дўстона муносабатини изҳор қилди. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ унинг дўстона муносабатини кўргач, ўзларида минг динор борлигини айтдилар.

Ҳазратдан бу гапни эшитган «мухлис дўст» бирдан ўзгариб қолди. Эртаси куни уйғонгач, ҳўнграб йиғлай бошлади. У тинимсиз дод солар, кийимларини йиртар, юзига урар эди. Кемадагилар унинг атрофига тўпланишиб, нима сабабдан бундай қилаётганини сўрадилар. У эса ёнидаги минг динорини йўқотиб қўйганини айтди.

Тафтишчилар кема ва ундаги кишиларни бирма-бир кўздан кечиришни бошладилар. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ёнларидаги минг динор солинган ҳамённи ҳеч кимга билдирмай, секингина денгизга ташлаб юбордилар. Ҳаммаёқни тит-питини чиқариб ташлаган маъмурлар ҳеч кимдан ва ҳеч қаердан динорларни топа олмагач, ҳалиги кишининг олдига келиб уни койиб танбеҳ бердилар.

Сафар тугагач, ҳамма кемадан тушди. Ҳалиги киши Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг олдиларига келиб,
– Динорларни нима қилдингиз? – деб сўради. Ҳазрат:
– Уларни денгизга ташлаб юбордим, – деб жавоб бердилар.
– Қандай қилиб шунча пулни ташлаб юборишга кўзингиз қийди? – деди.

– Эй нодон! Мен бутун ҳаётимни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини жамлаш учун бағишладим. Бутун олам менинг ҳалол ва тўғрилигимни билади. Нима учун мен ўз ҳурматимни ёлғончи бир ўғрининг туҳмати сабаб йўққа чиқаришим керак?! Қандайдир динорлар, умрим давомида қўлга киритган ишонч ва адолатдек бебаҳо гавҳарни йўқотишга арзийдими?! – деб жавоб бердилар.