“Банклар жуда катта порахўрлик билан шуғулланяпти. Менда кўп маълумот бор” — Шавкат Мирзиёев

Шавкат Мирзиёев порахўрликлар бўйича қўлида жуда катта маълумот борлигини такидлади. Бу ҳақда Президент раислигида ўтказилган озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш орқали бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ҳамда бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча шароитлар яратишга бағишланган видеоселектор йиғилишида таъкидлаб ўтилди.

«Йиғилиш иштирокчиларининг эътиборини яна бир муҳим масалага қаратмоқчиман.

Бугунги селектор доирасида тадбиркорлик учун жуда катта кредит маблағлар – қўшимча 500 миллион доллар ажратилмоқда.

Нима учун? Чунки, қанчалик қийин бўлмасин, ҳозирги мураккаб вазиятда халқимиз фаровонлигини, давлатимизнинг барқарор ривожланишини ўйлашимиз шарт.

Ажратиладиган ҳар бир доллар, ҳар бир сўм бюджетданми, банкданми — бу ҳаммаси халқнинг пули. Инфраструктурага жавоб берадиган, газ, свет ва ҳоказо, ўшалар жуда катта порахўрлик билан шуғулланяпти. Банклар жуда катта порахўрлик билан шуғулланяпти, менда кўп маълумотлар бор. Шунча қийналиб топган пулимизни, ҳалоллик билан халқимизга етказишга ҳаракат қиляпмиз, лекин ёўлимизда ер бериш, ер олиш, ер сотиш. Биласиларми қандай менга алам қилади бундай нарсаларни эшитиш.

Маблағлар фақат ва фақат ўзини оқлайдиган, одамларнинг даромадини оширадиган ва иш ўринлари яратадиган лойиҳаларга йўналтирилиши керак.

Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, иқтисодий ва инвестиция комплекслари таркибига кирувчи идоралар, айниқса солиқ, банк, инфратузилмага жавоб берадиган идора раҳбарларини қатъий огоҳлантирмоқчиман.

Ушбу раҳбарлар тадбиркорнинг ҳар бир лойиҳасини амалга оширишга шахсан масъул ва жавобгар бўлади.

Бюрократия ва коррупцияга йўл қўйганлар кечирилмайди, айбдорлар сўзсиз жавобгарликка тортилади”, деди Президент йиғилиш якунида.