Маълумки, тадбиркор ўзининг бола-чақасидан қийиб, тўплаган пули, мол-мулкини янги иш очишга сарфлайди. Банкдан кредит олса, уни ҳам фоизи билан ўзи тўлайди. Унга ҳеч ким ҳар 15 кунда бюджетдан аванс ёки ойлик бермайди. Шунга қарамасдан, таваккал қилиб, ҳузур-ҳаловатдан кечиб, бор имконияти ва маблағини хавф-хатарга қўйиб, ўз иши учун кеча-ю кундуз жонини бериб ишлайди. Шу йўл билан нафақат ўз оиласини, балки эл-юртни ҳам боқади.
Бугун мана шундай жонкуяр етадбиркорлар биттага к ўпайди.Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани 2-сектор ҳудудига қарашли Уймовут маҳалласида “Ҳунармандчилик маркази” фойдаланишга топширилди. Ушбу маскан шаҳар прокурорининг бевосита ёрдами билан ҳунарманд Зайнура Ҳошимова томонидан ташкил этилган.
Таъкидланишича, марказни ташкил этишдан асосий мақсад сектор ҳудудидаги маҳаллаларда истиқомат қилаётган аёллар ва ёшлар дафтарига рўйхатга олинган, тикувчилик, тўқувчилик, каштачиликка қизиқувчи хотин-қизларни меҳнат бандлигини таъминлаш, уларни малакасини ошириш, устоз ва шогирд анъаналарини давом эттиришдан иборат.
Очилиш маросимида иштирок этган Шаҳрисабз шаҳар прокурори Баҳром Бекбўтаев, шаҳар ҳокимининг ўринбосари Мухайё Алмирзаева, шаҳар кенгаши депутати, ҳоким ёрдамчилари Гуллола Мирзаева, Нодир Манноновлар маҳаллалардан келган хотин-қизларга корхона фаолияти ҳақида батафсил маълумотлар беришди.
“Ушбу марказни ташкил этилиши биз учун катта ютуқлардан бири. Сабаби ишсиз аҳолини бандлигини ташкил этиш, улар учун даромад манбаини яратиш асосий мақсадимиздан биридир. Ҳар бир оила ўзи учун маълум миқдорда фойда келтирса, рўзғорини бутласа, қарабсизки жамиятимизда боқумандалик кайфияти пасаяди. Устоз-шогирд анъанаси давом эттирилса, касбга йўналтириш доимий равишда давом этса, хотин-қизларимиз ҳам жамиятдаги муҳим бир буғин ўлароқ ўз турмуш ўртоқлари учун кўмакчи бўлади. Ҳеч бўлмаганда ўзининг кам-кўстини таъминлай олиш салоҳиятига эга бўлади. Яқин-атрофдаги маҳаллардаги қизлар, аёлларни ушбу марказга келиб ҳунар ўрганишга, ўзининг яшириш истеъдодларини юзага чиқариб, даромад топишга чақириб қоламан”, — дея таъкидлади Шаҳрисабз шаҳар прокурори Баҳром Бекбўтаев.