Гуанджо клиникаси мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди — ИИББ

Ижтимоий тармоқларда “Гуанджо клиникасининг сирини фош қилишибди” деб номланган видео тарқалмоқда. Уларда айтилишича, мазкур клиника Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ва арзон нархдаги дори воситаларини ўзларининг махсус идишларига солиб қиммат нархда беморларга пуллаб келган.

Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳри ИИББ изоҳ берди.

Маълум қилинишича, клиника мансабдор шахсларига жиноят иши қўзғатилган ва Тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«GUANGZHOU MEDICAL of CHINA» МЧЖ мансабдор шахслари ва ходимларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 2-қисми «б» банди (“Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши доирасида мазкур клиниканинг Тошкент шаҳридаги ва бошқа вилоятлардаги филиалларида текширув ўтказилган. Ҳозирда Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади ИИББ маълумотида.