Қайнона ўз келинини пичоқлаб ўлдириб қўйди

Ижтимоий тармоқларда қайнона келинини ўлдирганлиги ҳақида хабарлар  тарқалган.

Аниқланишича, 5 май куни соат таҳминан 10.00 ларда Тошкент тумани, Чинор 7-тор кўчасида яшовчи аёл (1955 й.т.) келини (1985 й.т., 3 нафар фарзанди бор) билан ўзаро оилавий келишмовчилик сабабли жанжаллашган.

Жанжал давомида аёл ошхона пичоғи билан келинининг чап кўкрак қисмига бир маротаба зарба берган, дея маълум қилган Бош прокуратура.

Олган тан жароҳати туфайли жабрланувчи шифохонага ётқизилган.

Шифокорлар томонидан кўрсатилган зарур тиббий муолажаларга қарамасдан 9 май куни келин шифохонада вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Айбланувчи аёлга нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Тошкент тумани ИИБ ТБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.