Сўнгги вақтларда мактабларда ва олий таълим муассасаларида сифатли таълим берилмаслиги, кўплаб ота-оналар фарзандларини ёшлигидан бошлаб бир неча фан бўйича репититорларга беришга мажбур бўлаётганидан норози бўлиб, билдирган фикрлари кўча-куйда, ижтимоий тармоқларда тез-тез учраб турмоқда.
2 ой давомида ўтказилган ўрганишлар натижасига қараганда республикадаги 852 та мактабда таълим сифати,муаллимлар салоҳияти ва ўқувчиларнинг олийгоҳларга кириш даражаси анча пастлиги аниқланган.Бу борада энг оғир аҳвол Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент вилояти ва Қорақалпоғистонда экани айтиб ўтилди.Айниқса, Тошкент шаҳридаги 69 та мактаб, Сурхандарёда 169 та ва Қорақалпоғистонда 128 та, Сирдарёда 54 та, Фарғонада 162 та, Тошкент вилоятидаги 147 та мактабларда муҳит қониқарсиз деб топилган.
Хўш, бу муаммога ечим нима?
Халқ таълими соҳасини ислоҳ этишда, биринчи навбатда,молиявий тизим шаффофлигини таъминлаш , мактабларга ажратиладиган пул миқдорини оширган ҳолда, сарфланишини расман назорат қилиш керак. Чунки, ҳалигача мактабларда пулни тўғри йўналтириш механизми йўлга қўйилмаган.
Кўп ҳолларда мактаб харажатлари учун давлат томонидан ажратилган маблағлар директор ва бошқа раҳбарлар чўнтагига тушади. Бу эса ота-оналарнг давлат таълим муассасаларидан ҳафсаласи пир бўлиб, фарзандини хусусий мактабларга беришга сабаб бўлади. Аслида, ота-оналарнинг фарзандининг яхши мактабда ўқишини исташи табиий ҳол. Агар ҳамма мактаблар бирдек ривожлантирилиб, етарлича молиялаштирилса, бу муаммо бартараф этилади.
Хорижий мамлакатлар таълим тизимига назар соладиган бўлсак, Финляндияда хусусий мактаблар йўқ. Таълим вазиридан нега хусусий мактаблар йўқлигини сўрашганда, шундай жавоб берган: «Таълим тижорат эмас, у ҳаммага баробар берилиши керак”. Финляндияда хусусий мактаблар йўқ, буни аввал бир постимда айтиб ўтган эдим. Таълим вазиридан нега хусусий мактаблар йўқлигинк сўрашганда шундай жавоб берган: «Таълим тижорат эмас, у ҳаммага баробар берилиши керак”.
Кўряпсизми?! Бу гапни Таълим вазири айтяпти, демак у боласини давлат мактабларига ишониб топширган. Билим беришни бизнесга айлантирмайлик, яшаш шароити яхши бўлмаган одам сифатли таълимдан четда қолиб кетмасин, табақалашишга йўл қўйиб қўймайлик, ижтимоий адолат бузилмасин, демоқчи. Ва ишонч билан айтиш мумкинки, Финлaндия давлат мактабларидаги аҳволни қойиллатиб қўйган. Шунинг учун ҳам Финландия таълим тизими дунёдаги энг яхшиси ҳисобланади.
Бизда эса хусусий мактаблар кўпайгандан кўпайиб боряпти, табақаланиш бошланган. Масалан, Тошкентда ойига ҳатто 2-3 миллион сўм бериб, хусусий мактабда боласини ўқитаётган одамларни биламан. Шаҳардаги давлат мактабларида шарт — шароит ҳам, таълим сифати ҳам қишлоқлардагига қараганда анча яхши. Шунда ҳам пули бор одам боласини хусусий мактабда ўқитяпти…
Пулни ҳам, бойликни ҳам қўя туринг, эътиборингизни бошқа бир масалага қаратмоқчиман. Нега хусусий мактабларнини танлашяпти, нега энг яхши кадрлар хусусий мактабларга ишга киряпти? Жавоб аниқ, давлат мактабларидан ҳеч кимнинг кўнгли тўлмайди. «Гапниям оласан» деманг, мен бор гапни айтяпман. Аҳамият беринг, давлат мактабининг бирортасида вазирнинг, ҳокимнинг ёки донғи кетган бойнинг боласини кўрмадим. Негаки, улар давлат ва хусусий мактаб фарқини яхши билади, давлат мактабларини мана бизга ўхшаган оддий одамларга чиқарган,бизга ярашаверади.
Фарзандини ўқитаётган деярли ҳамма ота-она олийгоҳга топшириш вақти яқинлашганда репетитор қидириб қолади. Чунки боласи мактабда олган билими билан ўқишга кира олмайди, бунга ақли етади. 11 йил ўқиб, ҳеч ерда тайёрланмай, фақат мактабда ўрганганлари орқали юқорироқ бал тўплаб ўқишга кирган инсонни танисангиз айтинг, бир суҳбатга чорлаб,бунинг сири нимада эканлигини билайлик.
Энди яна масалага қайтайлик, бир фандан ойига 250-300 минг сўмдан репетитор ёълланади. Пули бор, ўзига тўқ оилагаку, бу муаммо эмас. Аммо қўли калта одам нима қилади? Боланинг ўзида бўлса, репититорсиз ҳам ўрганиб кетади десангиз,адашасиз. Тарихни ёд олар, адабиётни ўқир, лекин бошқа фанларни ҳеч қачон мустақил ўрганиб бўлмайди. Мактабдаги ўқитувчи нима қилади, ўқитмай дерсиз. Бир миллион, кўпи билан 1,5 миллион сўм ойлик оладиган ўқитувчи дарслардан сўнг қолиб, болаларга бепул қўшимча вақт ажратармиди? 40 дақиқалик дарс жараёнини эса 30 та болага 1,5-2 дақиқадан тўғри келади,ўқувчига индивидуал ёндашиб бўлмайди. Бу вазиятда айб ўқитувчиларда эмас, ҳаракатига яраша ойлик тўланмагач, ойликка яраша ишлай бошлайди.
Хуллас, бизнинг таълим тизим чириган, уни ислоҳ қилиш керак. Президент мактаби, Истеъдодлилар мактаби,бало мактаб,баттар мактаб очавермасдан, хусусий мактабларни кўпайтиравермасдан, барчага бирдек билим бериладиган, ижтимоий адолатли таълим тизимига ўтишимиз керак.
Давлат мактабларида ҳаммаси аъло бўлса, репетиторга ҳам, хусусий мактабларга ҳам эҳтиёж қолмайди!
Шаҳнозабону Ражабова,
ЎзДЖТУ талабаси