Сурхондарёлик зўравон куёв дунёга “донг таратди”

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятидаги тўйлардан бирида келин-куёв ўртасида ўйин ўтказилгани ва ютқазган куёв келиннинг бошига ургани акс этган видео тарқалганидан хабарингиз бор.   

Ушбу видео нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда ҳам тарқалиб, шов-шув келтириб чиқармоқда. Жумладан, Вьетнам, Россия, Германия, Жанубий Корея, Туркия, Қозоғистон каби давлатлар нашрларида эълон қилиниб, телеканалларида эфирга узатилгач, жамоатчилик томонидан куёвнинг номақбул қилиғи қораланмоқда.

Хусусан, тележурналист ва актриса Ксения Собчак мазкур воқеага шундай фикр қолдирган: “Ўзбекистонда куёв тўйдаги ўйинда ютиб қўйгани учун келиннинг бошига урган. Қизнинг оилавий ҳаёти шундай бошланяпти”.Ксения Бородина эса: “Қандай шарманда! Ҳар сафар шундай нарса кўрсам, бу қизнинг отаси ва акалари қаерда эканини тушунмай ўтаман. Нега улар бунақа куёвни жойига ўтқазиб қўйишмайди. Даҳшат!” дейди.

Таниқли актриса Екатерина Волкова ҳам “Ўзбекистондаги тўй. Қаердалиги муҳим эмас. Муҳими, бу йигит ёпиқ эшиклар ортида, меҳмонлар тўла залдан қўрқмагани. У ўйинда ютқазиб қўйгани учун келинни урган. Бу оддий ҳолатми ўзи? Бунақаларга нисбатан мен золимга айланаман. Уриш яхши иш эмаслигини бу аҳмоққа биров ўргатмаганми? Бунақаларни даволаш керак!” деб изоҳ қолдирган.

Мазкур ҳодисани Жанубий Корея телеканалларида ҳам кўрсатишган.Хабарда бу йигит ўйинда ютқазгани учун умр йўлдошини ургани, афтидан у кўча безориси бўлса керак дея айтилади. Жиноят ишлари бўйича психолог интервью бераркан, куёвнинг омма олдида келинни уриши – бундан ҳам  баттарини қила оламан, чидасанг шу, деган маънони билдиради. Тўйдан сўнг куч ишлатиш жараёни кучайиб боради, дея фикрини якунлайди. Мазкур видео телеканалнинг ютуб каналига қўйилгач, 13 соат ичида бир ярим миллионта кўрилди, 3 мингдан ошиқ изоҳлар ёзилди. Изоҳ эгалари бу никоҳга қарши эканини, эр келгусида ҳеч ким йўқ жойда хотинини бундан ҳам қаттиқ уриши тайин эканини билдиришган.

Германиянинг машҳур “Bild” нашрида ҳам бу ҳақида мақола чиқарилган. “Тўй маросимида бўлиб ўтган ўйинда ютган келин бундан хурсанд бўлади, куёв эса ютқазиб қўйиб жаҳл билан келинни уради. Келин мувозанатни сақлаб туришга ҳаракат қилади, аммо бошини хам қилиб йиғлаб юборади. Меҳмонлар жим, келиннинг дугонаси уни пастга олиб тушиб кетади, куёв томон эса гердайиб туришда давом этади. Дўсти ҳаттоки тиржаяди ва ўзларини ҳеч нима бўлмагандек тутишади. Бирортаси ўрнидан туриб, куёвга муносиб жавоб қайтармайди. Ўзбекистонда аёлларга нисбатан зўравонлик ҳар куни нон сотиб олишдай оддий ҳол. Шунингдек, аёлларга эрнинг хизматини қилиш, бола боқиш ва уй юмушлари билан машғул бўлиш учун уйланиш ҳам табиий ҳодиса”, дейилмоқда хабарда.

Мазкур ҳодиса ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида ҳам қораланмоқда. Ҳозирча тўйдан сўнг келин ва куёвнинг бирга яшаб кетгани ёки ажрашгани ҳақида аниқ маълумот йўқ.