Нукусда хорижий журналистларга воқеаларни ёритишга тўсқинлик қилинаётгани, шунингдек, техникалари олиб қўйилгани ҳақида хабар қилинди. «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов ҳолат юзасидан маълумот берди.
Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда, айниқса халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари вакиллари ўртасида Нукусда хорижий журналистларга воқеаларни ёритишга тўсқинлик қилинаётгани айтилган. Жумладан таниқли журналист Жоанна Лиллис воқеаларни ёрита олмаётгани, техникалари олиб қўйилганлиги ҳақида хабарлар тарқалган.
«Бу хабарлар фейк. Мен жойдаги комендатура вакиллари, шунингдек, Жоанна Лиллис хоним билан боғландим. У ҳеч қандай муаммо йўқлигини, фаолият олиб бораётганини билдирди. Ўзбекистон очиқлик ва ҳуқуқийлик принципларига содиқ мамлакат сифатида шаклланмоқда, ва бу қувонарли», — дейди Бобур Бекмуродов.