Йўқолиб кетиш хавфи остида турган тошбақалар

Жаретта жаретта тошбақаларнинг бир тури бўлиб, денгизда яшайдиган жонивордир. У тухум қўйишдан ташқари бошқа пайтда қирғоққа чиқмайди. Оёқлари сувда сузишга мослашган. Кислородни ҳаводан олишига қарамасдан сув остида узоқ вақт қола олади. Тухумларини кечаси қумда ўзлари очган чуқурларга кўмишади. Бир тухум қўйишда 100 тагача (баъзи таҳлилларда 162 тагача) етади. Тошбақа болалари орадан 2 ой ўтгач, кечки пайт тухумдан чиқиб, денгизга қараб йўл олишади. Асосан, оқденгиз соҳилларида тарқалган ушбу жониворларнинг 2006 йилда Балакда 1000 та атрофида, 2007 йил Онамурда 1040 тача уяси борлиги аниқланган эди. Жаретта жаретталар балиқлар билан, сув жониворлари, асосан, медузалар билан озиқланади. Жаретта жаретталар яқин вақтларга қадар “Дунё табиатни муҳофаза қилиш ташкилоти” нинг “Қизил рўйхати” да, яъни йўқолиш хавфи бўлган жониворлар қаторида эди. Қисқа вақт ичида уларнинг сони ортганидан кейин “Ноёб тур” категориясига киритилди.

Хўш, денгизлар ифлосланаётган, пластик чиқиндилар тошбақаларнинг ўлимига сабаб бўлаётган даврда бу қандай юз берди?


Ҳамманарса Жюн Ҳаимофнинг 1975 йил июльда қайиғи билан Далян соҳилига келишидан бошланди. Таътил учун соҳилга келган капитан Жюн 1986 йил Даляннинг Изтузу пляжида яшай бошлади. Шу давр мобайнида у кечаси тухум қўйиш учун қирғоққа чиққан денгиз тошбақаларини учратди. Насли тугаб бораётган тошбақаларни кузатиб, бу соҳилга қандай келишлари, тухум қўйиш ҳамда оқденгизга қачон қайтиб кетишлари борасида изланишлар олиб борди. Жаретта жаретталарнинг кўпайиш ва ҳаёт тарзи учун муҳим майдон бўлган Изтузу соҳилида меҳмонхона қурилишини билганида махсус жамоа тузиб, дунёнинг эътиборини шу соҳилга қаратди. Бу билан меҳмонхона қурилишини тўхтатишга эришди.

Биолог Фотиҳ Пўлат: Тошбақалар май ойида соҳилларга чиқа бошлайди. Тухум қўйиш жараёни июль ойининг охиригача давом этади, – дейди.

Одамлар ва чиқиндилар кўпайди

Далян халқининг “Капитан Жюн” дея ҳурмат билан тилга оладиган Ҳаимоф минг афсуски шу йилнинг май ойида ҳаётдан кўз юмди. Унинг қилган хайрли ишлари фақатгина тошбақаларнинг ҳаётини асрабгина қолмай, шу йўлда изланишлар олиб бораётган Туркияликларнинг ҳам йўлини очди. Фотиҳ Пўлат ҳам шундай инсонларлан бири. Пўлат 31 ёшли биолог. Ўрду университетида Биология бўлимида академик изланишларда давом этиш билан бирга, 10 йилдирки экологик тадқиқотлар уюшмасида кўнгилли сифатида иштирок этиб келмоқда. Пўлат 2021 йилгача Балакта 30 километрлик қирғоқда тошбақаларни асраш борасида фаолият олиб борган бўлса, бошқа жойларда ҳам худди шундай чора-тадбирлар кўрилиши керак деган хулосага келди. Сабаби оқденгиз соҳилларида тошбақаларнинг 22 та уяси бор, улардан фақат 8-10 таси назорат остида. “Тошбақаларнинг бошқа жойларда ҳам бизга эҳтиёжи бор”-, деб изоҳ берган Пўлат, бу йил Манавгат, Қизилўт минтақаларида ҳам тошбақаларнинг уясини назоратга олди.

Пўлат май ойида тошбақа уяларини қўриқлай бошлайди. Чунки тошбақалар майнинг ўрталарида соҳилга чиқади. Июльнинг охиригача тухум қўйиш давом этади. Пўлат тошбақаларнинг инини назорат қиларкан ҳар куни тонгда соат 4 да уйғониб, ишга киришади. Аввал Қизилўт минтақасидаги 26 километрлик соҳилни бошдан охир юриб тошбақа уяларидан хабар олади. Тошбақалар соҳилда трактор изига ўхшаш из қолдиришади. Ўша изларнинг ортидан бориб инларни текшириб, керакли маълумотларни қайд этади. Барча маълумотларни ёзиб бўлгач, одамлар тошбақаларнинг уясини тополмаслиги учун изларни ўчириб ташлайди. Уяларнинг хавфдан йироқлиги, тухумдан чиққан тошбақа болаларининг денгизга шўнғиб кетиши ва нечта тошбақа чиққани, нечтаси чиқмаганини қайд қилади.

“10 йил давомида таҳлил ва текширувлар олиб борган бўлсам 30 мингта уяни текширдим. Шу давр мобайнида уялардан 1 ярим милион тошбақа боласи денгизга қараб йўл олган. Уялардан жуда кўп тошбақа болалари чиқсада ҳар 1000 та тошбақа боласидан фақат биттасигина соғлом туғилиб, яшаб кета олади. Сўнги йиллардаги уринишларимиз натижасида вазият бироз яхшиланган бўлсада тошбақалар учун йўқолиб кетиш хавфи ҳалигача мавжуд” -, дейди Фотиҳ Пўлат.


Пандемия даврида одамлар соҳил бўйларига келолмаганликлари туфайли тошбақалар соҳилларда эркин ҳаракатландилар. Ундан олдин эса сайр ва таътилга чиқувчи одамлар сони ниҳоятда кўпайиб кетган эди. Бу ҳам етмагандек кечаси фонарлар билан тошбақаларни кузатиб уларнинг тухум қўйиш учун уя тайёрлашига халақит берганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Одамларнинг соҳилга келишларини чеклай олмас эканмиз, демак, қилишимиз керак бўлган иш тошбақаларнинг тухум қўядиган майдонларини ва денгизни назорат қилиш, асрашдир.

Дилбар Ражабова тайёрлади