Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри Невский туман суди Ўзбекистон фуқаролари А.А., Ч.Қ. ва Э.У.га нисбатан суд ҳукмини эълон қилди. Бу ҳақда «Фонтанка» хабар берди.
Маълум қилинишича, ўзбекистонлик эркаклар ўғирлик, автомашинани ўзлаштириш, товламачилик ва одам ўғирлашда айбдор деб топилган. Жумладан, 2020 йил 12 сентябрь куни кечқурун судланувчилар ва 2021 йилнинг декабрь ойида судланган яна бир ўзбекистонлик 150 минг рубль олиш мақсадида танишини ўғирлаб кетишга келишиб олган. Большевиков проспекти, 81-уйда улар жабрланувчи билан учрашиб, уни калтаклаб, ўғирлаб кетган.
Шу тариқа, улар жабрланувчига пичоқ билан таҳдид қилиб, пул талаб қилган. Бироқ таҳдидлар фойда бермагач, судланувчилар жабрланувчининг 7 минг рубллик телефонини ўғрилаб кетган. Воқеага гувоҳ бўлган пенсионер ҳодиса ҳақида полицияга мурожаат қилган. Тез орада айбланувчилар қўлга олинган.
Суд жараёнида айбланувчилар ўз айбларига қисман иқрор бўлган. Суд Ч.Қ.ни 7 йилга, Э.У.ни 6 йилга, А.А.ни эса 6,5 йилга қаттиқ режимли колонияга ҳукм қилган.