Tracker-2 вa Onix автомобиллари учун шартнома бериш қачондан бошланиши маълум бўлди

Tracker-2 учун шартнома олганлар ўша вақтдаёқ, Chevrolet Onix учун шартнома тузганлар эса 2023 йилнинг дастлабки ойларида ўз автомобилларига эга бўлишлари мумкинлиги айтилмоқда.

Ушбу йилнинг сентябрь ойидан Tracker-2, октябрь ойидан бошлаб эса Chevrolet Onix автомобиллари учун шартномалар бериш бошланади.

Tracker-2’нинг нархи ҳозирча маълум эмас. Бироқ у Хитойда ишлаб чиқариладиган моделдан бироз қимматроқ бўлиши истисно қилинмаяпти: Асакадан чиққан Tracker-2’нинг двигатели кучлироқ бўлади. Илк босқичда LS, LT ва Premier комплектациялари сотувга чиқарилади.

UzAuto Motors серияли ишлаб чиқара бошлаган илк кроссоверидан йилига 80 минг дона чиқармоқчи. 2022 йил охиригача 25 мингта Tracker-2 ишлаб чиқарилиши режа қилинган. Дастлабки босқичда шартнома олганлар ўша вақтдаёқ машинага эга бўлиши мумкин.

Chevrolet Onix учун шартнома тузганлар эса 2023 йилнинг дастлабки ойларида ўз автомобилларига эга бўлишлари мумкинлиги айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз:
2021 йилнинг февраль ойида маҳаллий иқлим шароитларида синаш ва салоҳиятли харидорларнинг фикрини ўрганиш мақсадида Ўзбекистонга синов учун Chevrolet Onix’нинг бир неча намунаси олиб келинган эди.