Комил Алламжоновнинг қандай бизнеслари борлиги ҳақида биласизми?

Комил Алламжонов эгалик ва улушдорлик қиладиган компаниялар рўйхатини тузиб чиқилди. Рўйхатни тузишда Давлат статистика қўмитаси маълумотларига асосланилган.

Ўзбекистонда ахборот майдонидаги фаоллиги билан бир қаторда медиа ва автомобиль соҳасидаги бизнеслари билан танилган Комил Алламжонов Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари этиб тайинланди. У аввал ҳам маъмуриятда — Президент матбуот котиби лавозимида бир муддат ишлаган.

Тайинлов муносабати билан Алламжонов барча бизнес лойиҳа ва компанияларини «бошқа эгаларига» топширишини маълум қилди. Kommers.uz Давлат статистика қўмитаси маълумотларига асосланиб, Комил Алламжонов эгалик ва улушдорлик қиладиган компаниялар рўйхатини тузиб чиқди.

«Миллий» ТВ

Комил Алламжонов «Миллий» телеканалининг 66,70 фоиз улушига эгалик қилади. Қолган 33,30 фоиз улуш Аббосхон Ахмедовга тегишли. «Миллий» ТВ Ўзбекистондаги етакчи хусусий телеканаллардан бири ҳисобланади. Жамиятнинг устав фонди 316 миллион 581 300 сўмни ташкил этади.

Скрин: Давлат статистика қўмитаси. 27 июль, 00:38 вақти билан

«Миллий телеканал студияси»

«Миллий телеканал студияси» МЧЖнинг тўлиқ таъсисчиси ҳисобланади. Жамиятнинг устав фонди 100 миллион сўмни ташкил этади.

Скрин: Давлат статистика қўмитаси. 27 июль, 00:38 вақти билан

«Ягона имтиҳон маркази»

У, шунингдек, ҳайдовчилик гувоҳномалари учун имтиҳонлар ўтказувчи «Ягона имтиҳон маркази» брендига эгалик қилувчи Autodriver study’нинг 100 фоизлик эгаси ҳисобланади. Жамиятнинг устав фонди 6 миллион 447 700 сўмни ташкил этади.

«Ягона имтиҳон маркази» ташкил этилиши кўплаб эътирозларга сабаб бўлди. Бунинг ортидан Комил Алламжонов ижтимоий тармоқларда аксарият фойдаланувчилар томонидан «монополист» сифатида танқид қилинди.

Алламжонов ушбу даъволарга қарши кўплаб чиқишлар қилди. У марказни ҳайдовчилик гувоҳномаси беришда порахўрлик ва таниш-билишчиликнинг олдини олишини таъкидлаб келади.

Шунингдек, у «Автотест» компанияси асосчиси экани айтилади.

Скрин: Давлат статистика қўмитаси. 27 июль, 00:38 вақти билан

Iman-media

Комил Алламжонов Iman-media масъулияти чекланган жамияти устав капиталидаги 90 фоиз улушга ҳам эгалик қилади. Қолган 10 фоиз улуш Шоҳруҳ Муртазоевга тегишли. Жамиятнинг устав фонди 100 миллион сўмни ташкил этади.

Скрин: Давлат статистика қўмитаси. 27 июль, 00:38 вақти билан

Аввалроқ Комил Алламжонов барча бизнес лойиҳалари ва компанияларини «бошқа эгаларига» топширишини маълум қилди.

«Бугундан бошлаб Масс-медиани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси лавозимидаги фаолиятимни якунлайман. Ва яна шуни таъкидламоқчиманки, барча бизнес лойиҳаларим ва компанияларимни «бошқа эгаларига» топшираман. Бугундан бошлаб мен бизнесмен эмасман», — дейди у.

Комил Алламжоновнинг изоҳлашича, у манфаатлар тўқнашувига мутлақо қарши.