Ҳаммаси жойида, лекин чўкяпмиз!

Ўзбек кино ихлосмандлари қалбидан жой олган машҳур “Шайтанат” филмида шундай парча бор эди:

“Бир денгизчидан “Аҳвол қалай?” деб сўрашганида “Ёмон эмас, лекин чўкяпмиз” деган экан…”

Дабдурустдан нега буни эслаб қолди, дегандирсиз?! Сабаби шундаки, узоқ 25 йиллик истиқлол даврида ҳам, ҳатто ундан кейинг “сўмгги беш йиллик”, “охирги олти йиллик”ларда ҳам бизнинг таълим тизимимиз, мактаблардаги муаммолар деярли ўзгаришсиз қолган бўлса-да, масъулларимиз уларни тан олишни истамай, чора кўриш ўрнига турли важ-баҳоналар билан масалани ортга суриб келди.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров парламентимизнинг қуйи палатасига берган ҳисоботида ҳам шу мавзуда “икки оғиз” маълумот берди. Қуйида ушбу маълумотга “ярим оғизлик” муносабатимизни келтирамиз.

Муаммони ҳал қилиш учун 25 йил керакми?

Аксарият умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг битта синфдаги ўртача сони 31 нафарга етган. Марказий ҳудудларда эса 40 — 45 нафар бола ўтирган синфни кўрсак ҳам ажабланмаймиз.

Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан 2017-йилда тасдиқланган «Умумий ўрта таълим тўғрисида»ги низомда синфда ўқувчилар сони 35 нафардан ошмаслиги белгиланган. Психологларнинг таъкидлашича, синфдаги ўқувчилар сони назарияда 25 нафардан ошмаслиги керак, лекин низомда 35 нафар, амалда эса ундан ортиқ.

Бу оғриқли мавзу ҳақида гап бошлар эканмиз, масъуллар бир неча йиллардан буён йиғилиб қолган муаммолар ҳақиқатдан ҳам кўплигини, таълим ва тарбияга ҳеч ким бефарқ эмаслигини билдиради. Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасида сўзга чиққан бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров бу йил мактабларни 500 минг бола битирганини, биринчи синфга эса қарийб 700 минг бола келаётганини айтиб ўтди.

“Ўқувчилар, тез кўпайиб юборяпсиз”
Хўш, бу йил мактабларни битираётганлар ўрнига 200 минг нафарга кўпроқ бола келар экан, шу бир йил ичида нечта мактаб қурилди?

Халқ таълими вазирлиги сайтидаги статистик маълумотларга кўра, охирги беш йил ичида мактаблар сони бор-йўғи 437 та — 2016-йилдаги 9 692 тадан 2021-йилда 10 129 тага кўпайган. 2021-йилга кўра жами мактаблар лойиҳавий қувватида 5,06 млн. кишини ташкил қилади.

Аммо мамлакатда ўқувчилар сони сезиларли даражада — 6,24 млн. нафарга ошиб кетган. Демак, болаларнинг мактабларда минимал стандартларга мувофиқ ўқишлари учун уларнинг сиғимини 1,2 mln.ga кенгайтириш керак. Ёки бўлмасам, шунча ўқувчига сифациз таълим беришдан бира тўла тўхтаган маъқул. Ёлғондан “бўляпти-қиляпти” қабилида иш тутишдан нима наф?

2022-йилда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 410 млрд. сўмлик 40 та мактаб қуриш режалаштирилган. Бу ўтган йилгидан деярли икки баравар кўп, аммо мактабларда жой етишмаслиги муаммосини ҳал қилиш учун ҳали ҳам етарли эмас. Янги мактаблар қурилишининг бундай суръати билан синфларнинг тўлиб-тошганлиги ва камсиғимлик муаммосини қисқа вақт ичида ҳал қилиб бўлмайди.

Хусусан, таълим муассасалари қувватини 1,2 млн. кишига кенгайтириш учун ҳар бири 1 200 ўринли шартли ҳисобда 1 000 та мактаб қуриш зарур. Йилига 40 та мактаб қурилса, муаммони ҳал қилиш учун 25 йил керак бўлади (шунда ҳам ўқувчилар сони ўзгармаса, бироқ бу рақам йилдан-йилга ошиб боради).

Агар шу тарзда давом этса, 2024-йилга бориб мактабларнинг сиғимидан ортиқча бўлган ўқувчиларнинг умумий сони қарийб 1.7 млн.га етиши мумкин. Бундай тенденсиясининг кузатилишига мактаб ўқувчилари сони тез кўпайиб бораётгани эмас, балки ҳукуматнинг ниҳоятда кам мактаблар қуришни режалаштираётганлиги асосий сабаб ҳисобланади.

Мисол учун, кейинги уч йилда мактаб ўқувчилари сони йилига ўртача 170 мингтадан ошиб боради. Аммо мактабларнинг қуввати кейинги йилда 20 мингтага, 2023-2024-йилларда эса мос равишда 14 ҳамда 16 минтага оширилиши режалаштирилган. Бошқача айтганда, мактабларнинг сиғими ошириш ўқувчилар сони ортишидан 10 баробар секинроқ режалаштирилмоқда.

Фақат ўқитувчи айбдор эмас!

Ўқувчи кўп бўлса, вақт чегараланган бўлса, педагогга боғлиқ бўлмаган ҳолда дарснинг сифати пасаяди. Айниқса, ҳали етарлича тажрибага эга бўлмаган ёш ўқитувчилар бу борада қийналади. Болаларни тинчлантириб, диққатини дарсга қаратиш осон ишми?

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилдаги 140-сонли қарори билан тасдиқланган «Умумий ўрта таълим тўғрисида»ги Низом ҳамда белгиланган санитария меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ ўтилган мавзуни сўрашга 7 дақиқа, янги мавзу баёнига 10 дақиқа, мустаҳкамлашга 10 дақиқа ажратилган. Синфда 35 нафар ўқувчи бўлса, ҳар биридан бир оғиздан гап сўраб, 1 дақиқадан вақт ажратганда ҳам 35 дақиқа тугади, деяверинг. Бир синфда 40 нафар ўқувчи бўлса, ҳеч бир муаллим уларни саводли қилиб тарбиялай олмайди. Демак мактабларда таълим сифатининг пастлигига фақат ўқитувчи айбдор эмас…

Қимматбаҳо лойиҳалар муҳимми ёки таълим?

Ўзбекистон иқтисодиётида бюджет тақчиллиги ортиб бораётган бугунги кунда харажатлар нисбатини тўғри йўналтириш ғоят муҳим аҳамиятга эга. Эътибор берилса, бугунги Ўзбекистон харажатларининг, шу жумладан ташқи қарзларнинг ҳам жуда катта қисми қурилишга йўналтирилган. Аммо самарасиз ва кечиктирса ҳеч нарса ўзгармайдиган юзлаб қурилишлар борки, улар ҳам бюджет сарфи ортишига олиб келмоқда. Бирор фойда келтирмаган, кераксиз форум, тадбирларга бир неча мактаблар қурилишига етадиган пуллар сарфланяпти.

Яна бир масала, битта Президент мактабини қуриш учун 70 — 100 млрд. сўм атрофида маблағ сарф қилинар экан. Шунингдек, битта президент мактабининг сиғими 170 нафар ўқувчини сиғдиришга мўлжалланган. Мана бу ҳақиқий “Инсон қадри учун!” шиорига мос.

Шу ўринда, таққослаш учун — 410 ўқувчи учун мўлжалланган оддий мактабларни қуриш учун ўртача 5,5 млрд. сўм сарфланади. Демакки, Конституциайнинг 18-моддасининг иккинчи бандида келтирилган “Имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиб қўйилади ҳамда ижтимоий адолат принсипларига мос бўлиши шарт” деган қоидага истисно киритиш ва ижтимоий адолатга, умуман, конституциявий тартибга Президент номи билан беписандлик қилиш мумкин.

Президент мактабларнинг ҳаммасини қуриш учун тахминан 1,2 трлн сўм сарфланган десак, бу ҳажмдаги маблағга оддий мактаблардан 217 та қуриш мумкин бўлар эди. Бу эса бир йилнинг ўзида мактабларнинг сиғими қўшимча 90 мингтага ортади, дегани. Ҳайронман, махсус мактабларни қуриш учун млрдлаб сарфлашга тайёрмизу, аммо бошқа болаларнинг нормал стандардларга мос синфларда ўтиришини таъминлаш учун етарли маблағ ажратишга келганда иккиланиб қоламиз.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бош вазир ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров: “Битта синфдан 36 — 40 нафар ўқувчини камайтириш учун кўп ўйлаяпмиз. Кўп ишларни қилишимиз керак. Ҳурматли вазиримиз [халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов назарда тутилмоқда – таҳр.] ҳам бу ҳақда айтдилар”, — деган эди.

Ҳурматлилар, мана биз ўйлашиб юбордик. Бу масалага ечим дарслар сонини қисқартириш, мактабларда дарсни икки сменада қўйиш эмас. Бизга кўпроқ мактаблар керак, мактаблар!

Шаҳруза САТТОРОВА