Жиззах вилоятининг Бахмал туманида суд ижро ҳужжатига асосан алимент пулини ундириш учун борган мажбурий ижро бюроси ижрочиси пичоқланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги МИБнинг туман бўлими ижрочиси Калтатой қишлоғида яшовчи фуқародан шу қишлоқда истиқомат қилувчи собиқ турмуш ўртоғининг бир нафар вояга етмаган фарзанди фойдасига 15 миллион сўм алимент пулларини ундириш тўғрисидаги фуқаролик ишлари бўйича Ғаллаорол туман суди ижро ҳужжатига асосан икки нафар ҳамкасби билан борган.
Хонадон соҳиби маст ҳолатда алимент пулларини бермаслик мақсадида жанжал кўтариб, қўлида бўлган ошхона пичоғи билан хизмат вазифасини бажараётган мажбурий ижро бюроси ходимининг танасига бир неча маротаба уриб, жароҳат етказган.
Оқибатда жабрланувчи «қорин бўшлиғининг чап ва пастки қисми, кўкрак қафасининг чап биқин соҳаси ҳамда чап елка соҳаларига санчилиб кирган жароҳати» ташхиси билан туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч бўлимига ётқизилган. Кўрсатилган тиббий муолажалар натижасида унинг ҳаёти сақлаб қолинган.