Хотира пасайиши қачон муаммо даражасига чиқади? Бу ҳолатни кечиктиришнинг ёки олдини олишнинг йўллари борми? Хотирани кучайтириш учун нималар қилиш мумкин?
АҚШдаги Жорж Вашингтон Университети Тиб факултетида невролог Профессор Ричард Рестак, хотира сусайишига сабаб кўпинча диққатни жамламасликдир, дейди.
“Масалан, бирор базмга бордингиз дейлик. Ҳалигача иш билан боғлиқ мавзуни ўйлаяпсиз, сизга гапираётган кишини эса тингламаяпсиз. Кейинчалик ўша одамнинг исмини эслолмаётганингизни биласиз. Агар аввал маълумотни хотирага сақлаган бўлсангиз, уни албатта эслашингиз керак. Лекин биринчи босқичда у хотирага жойланмаган бўлса, аслида маълумотнинг ўзи йўқ бўлади”.
Мия ва хатти-ҳаракатлар борасида бир қанча конференсиялар ўтказган ва инсон мияси ҳақида 20 дан ортиқ китоблар муаллифи Ричард Рестак, сўнги ёзган китобида АҚШ да 50 ёш атрофидаги инсонлар алцгеймерга чалинишдан қўрқиб яшашларини таъкидлайди. 55 ёш атрофидаги кишилар эса кўпинча шифокорга вақтинча хотирани йўқотиш муаммоси билан мурожаат қилишини аниқлади. Проефессор бу ҳолатлар аслида ташвишга соладиган даражада қўрқинчли эмаслигини айтади.
Лекин, агар уйнинг калитини тополмасангиз ва у музлаткич ичидан чиқса, бу ҳолат хотира сустлигидан кўра жиддийроқ масала бўлади, дейди у.
Рестак, хотира турли кишиларда ҳархил бўлишини, баъзи одамлар доимий паришонхотир ҳолда юришларини таъкидлади.
У яна айтадики, “Агар сиз бирор спорт турида зўр ўйинчи бўлсангизу тўсатдан ўйнай олмай қолсангиз бу ҳолат таҳлил қилиниши керак бўлган жиддий масала ҳисобланади”.
Агар эътиборсиз қолдирилса, хотира 30 ёшдан бошлаб сусайишни бошлашини таъкидлаган Рестак, бунинг олдини олиш учун мунтазам хотирани машқ қилдириб бориш зарурлигини айтади.
Хотирани мустаҳкамлаш усулларидан бири эслаб қолишни истаган нарсаларингиз учун жонли кўргазмалар яратишдир. Яъни, бунда бирор нарсани эслаб қолмоқчи бўлсангиз ўша маълумотни бирор жиҳоз ёки буюм билан боғлаб эслаб қолиш.
Шунингдек, алцгеймернинг олдини олиш учун чекиш ҳамда спиртли ичимликлардан воз кечиш зарур. Сабаби спиртли ичимликлар ҳужайралар учун катта зиён келтирадиган омиллардан ҳисобланади.
Хотирани мустаҳкамлаш алцгеймернинг бутунлай олдини олади деб айтолмайман. Лекин мен бу ҳолатни машина бошқаришга ўхшатаман. Бахтсиз ҳодисага учрамаслигингиз аниқ эмас. Лекин ундан ҳимояланиш учун хавфсизлик камарини тақиб олишингиз ва тезликни меъёрда оширишингиз мумкин. Бу билан хавфни камайтирган бўласиз, дейди Рестак.