Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқ том маънода бир “муаммо” билан банд бўлди, десак адашмаймиз. Бу нима муаммо деб ҳайрон бўлмайсиз деган умиддамиз, сабаби ундан сиз ҳам хабардор эканингизга шубҳамиз йўқ.
Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин атрофида юз бераётган гап-сўзлар, вазирнинг журналист саволига жавоб бермай очиқчасига қочиб кетгани ва мана шу ҳодисалар ортидан 63 ёшга чиққан вазирнинг тизимдан бутунлай кетиши сўралган чиқишлар авж олди. Ҳатто бу оммавий ҳештекка айланди деса ҳам бўлади.
Хўш, нега вазият шу даражагача етди, энг катта “боғча опа”нинг кетиши кимга керак бўлиб қолди? Жавоб битта, ҳаммага керак! Боласининг келажагини ўйлайдиган ва юрт эртасига бефарқ бўлмаган ҳамма “қария опа”нинг кетишини талаб қилмоқда. Беш йилдирки боғча вазири бўлиб ишлаб келаётган Агрипина Шин нима иш қила олди ушбу янги вазирликда? Айтарли ҳеч нарса!
Матбуотга ёпиқ, мурожаатчилар олдига кириши учун ойлаб, баъзида йиллаб кутадиган вазир нима иш қила оларди. Вазирлик шундай шаклланган, мурожаатчиларни бугун, эрта деб алдаб келишади. Бироқ масала ечими узоқ, баъзида жуда узоқ кутилиб қолади. Шин хоним суҳбатларидан бирида “Сенга ислоҳотга бош бўлганингни ўзи қанот бўлади. Мактабгача таълим ислоҳ қилиниши ва болаларимиз мутлақо янги таълим муҳити, мутлақо янги шароитларга эга бўлиши туфайли, бундай командада ишлашдан ҳар бир инсон бахт ҳиссини туйса керак. Бу тарихий давр. Бу Ўзбекистоннинг энг янги тарихи. Агар иш тажрибаси керак бўлса, нега одам ўзини бу ислоҳотчилар жамоасидан четда тутиши керак?”, дея таъкидлаган эди. Ушбу сўзлар 2019 йил 2 январь куни Агриппина Шин томонидан айтилган. Бу вақтда коллеж директорлигидан бир ҳатлаб вазир бўлиб олганларига эндигина 2 йил бўлганди.
Хўп, бундан кейин ҳам мана 3 йил ўтди, бироқ нима жонбозлик кўрсатдилар вазир опа? Нима қилиб янги вазирликни янги иш тажрибасини кўрсата олди? Ҳеч нарса! Қайтанга тизим ўзига ўхшаган минг йиллик вазирликлар каби коррупция майдонида етакчиликни эгаллаб олди. 2021 йилнинг уч ойида кўрсатилган статистикага кўра, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигидан кейинги ўринни эгаллаган. “Мактабгача таълим вазирлиги тизимида ўтказилган 289 та назорат тадбирларининг 242 тасида 41,2 млрд.сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 2020 йил 1-чоракга (5,4 млрд.сўм) нисбатан қонунбузилиш ҳолатлари 7,6 мартага ошган”, дейилади Молия вазирлиги ҳисоботида. Шунга қарамай 2022 йил бюджетдан пул ажратилиши бўйича ушбу вазирлигимиз 2-ўринда турибди. Қонун лойиҳасида 6,5 трлн. доллар маблағ ажратилиши кўсатиб ўтилган. Бу пуллар кимнинг чўнтагига кириши ёки вазирлик ушбу маблағларга нима ишларни амалга ошириши бизга қоронғу…
Агриппина Шин 2017 йилда Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлигига раҳбар этиб тайинланганди. Унгача Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи директории бўлиб фаолият юритган. Мактабгача таълим вазирлиги эса, 2017 йил Ўзбекистон Президентининг 30 сентябрдаги қарори билан ташкил этилган эди.
Вазирлик зиммасига мактабгача таълим соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассасалари тармоқларини кенгайтириш, уларни юқори малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олишни кенгайтириш, таълим-тарбия жараёнига замонавий дастур ва технологияларни жорий этиш, шунингдек болаларни мактабга тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш вазифалари юклатилганди.
Президент келгуси 3-4 йилда 5-6 ёшдаги барча болаларни мактабгача таълимга тўлиқ қамраб олишга эриш лозимлигини таъкидлаган эди. Мустақил блогер, журналист Фатима Жўраева неча йилларки ушбу вазирлик билан “олишиб” келади. Ҳар ҳафта вазирлик тизимидаги муаммоларни омага кўрсатади, бироқ мутасаддилар кўз юмади. МТТ ташкилотида болалар заҳарланиши, ўлим ҳолатлари қайд этилиши, бола калтакланиши ва шу каби ҳолатлар ҳамонки тўхтаган эмас. Тизимда ишга кириш учун албатта кимгадир “қистириш” керак. Озиқ-овқат маҳсулотлари эскирган ёки талон-тарож қилиниш ҳолатлари доимий учраб туради. Бир журналист Тошкент вилоятидаги учрашувлардан бирида мактабгача таълим ташкилоти раҳбарига «мана, озиқ-овқатни сифатини ўзингиз кўриб турибсиз. Шундай боғчага ўз болангиз ёки набирангизни берган бўлармидингиз» деган саволига мактабгача таълим ташкилоти раҳбари “албатта йўқ”, деб жавоб бергани ҳақида ёзган эди.
Бу каби ҳолатларни назоратга олиши керак бўлган вазир эса аллақачон пенсия ёшида. Соҳа янги қонга муҳтож. Шиддатли, ўз режаларига эга раҳбар керак. Бюджетдан тушган пулни “еб” ҳамма нарсадан бехабар, бамайлихотир юрадиган қария эмас.
Ёки Агриппина Шинни қандайдир бир “танка”си бордирки, биров уни тизимдан чиқариб ташлай олмайди. Буниси энди бизга қоронғу…