Санитария-эпидемиология хизмати томонидан ишлаб чиқилган янги таҳрирдаги “Умумий овқатланиш корхоналарига қўйиладиган санитария-гигиена талаблари” (0027-22-сон СанҚваН) Адлия вазирлиги томонидан ҳисобга олинди (19.08.2022-йил, 104-сон).
Ушбу янги талаблар билан тадбиркорлик субектларининг фаолиятига тўсқинлик қилувчи айрим талаблар (умумий овқатланиш корхоналарида сув таъминоти бўлмаганда корхона фаолиятини тўхтатиши кераклиги, овқат тайёрлашда кўмир ва ўтин каби ёқилғиларда фойдаланиш тақиқланиши кабилар) бекор қилинди.
Янги таҳрирдаги ҳужжат билан қуйидаги санитария-гигиена талаблари белгиланди:
- умумий овқатланиш корхоналарида ичимлик суви билан таъминлаш марказлаштирилган сув таъминоти тизимига уланиш йўли билан амалга оширилиши;
- марказлаштирилган сув таъминоти тизими мавжуд бўлмаган тақдирда, ички сув таъминоти тизими артезиан қудуғидан, бошқа қудуқлардан ёки каптажлардан фойдаланган ҳолда ташкил этилиши мумкинлиги;
- чиқинди йиғиш майдончасини белгиланган масофада жойлаштириш имкони бўлмаганда, чиқиндилар корхоналарнинг совитиш тизими, ювиш ва дезинфекциялаш имкони бўлган алоҳида хонасида сақланишига йўл қўйилиши каби.
Шунингдек, умумий овқатланиш корхоналарида қуйидагиларни амалга оширишга рухсат этилмаслиги белгиланди:
– технологик жараён талабларига риоя қилишни таъминлаш имконияти мавжуд бўлмаганда маҳсулот тайёрлаш;
– яроқлилик муддати ўтган, сифациз ёки сифати бўйича шубҳали, бузилиш белгилари бўлган маҳсулотлардан фойдаланиш;
– герметик идишларда сабзавотли, гўштли, балиқли, қўзиқоринли консервалар тайёрлаш;
– қуритилган ва дудланган балиқ тайёрлаш ва қуритилган қўзиқоринлар тайёрлаш.
Шу билан бирга, ишлаб чиқариш жараёнида бевосита иштирок этувчи ходимлар томонидан иш бошлашдан олдин қуйидагилар амалга оширилиши шарт:
- заргарлик буюмлари, соатлар ечилиши;
- сочларни рўмол ёки қалпоқ остига йиғилиши;
- тоза санитария кийимлари кийилиши;
- қўллар илиқ сувда совун билан ювилиши ва дезинфекцияловчи воситалар билан ишлов берилиши, тирноқлар олинган ва лак сурилмаган бўлиши керак.