Ҳиндистонда янги вирусли “помидор гриппи” (помидор иситмаси) тез тарқалмоқда. Бу ҳақда The Guardian газетаси маълум қилди.
Қайд этилишича, июль ойи охирида Кералада 82 болада ушбу вирус аниқланган бўлса, ҳозирда бу касаллик қўшни Тамилнаду ва мамлакат шарқида жойлашган Одиша штатида ҳам аниқланган.
Ушбу вирус иммунитети заиф болалар учун жиддий хавф туғдиради. Олимлар ҳали янги вируснинг хусусиятларини етарлича ўрганмаган. Унинг номи инфекцияланганида инсон танасида ёрқин қизил рангли оғриқли пуфакчалар пайдо бўлиши билан изоҳланади. Инфекция тагликлар ва ифлос юзаларга тегиш орқали содир бўлади.
Вирусли инфекция ҳаёт учун хавфли эмас, аммо мутахассислар COVID-19 пандемиясининг қайғули оқибатларини ҳисобга олган ҳолда аҳолини ҳушёр бўлишга чақирмоқда.