Халқ таълими вазирлиги: Ўқув дарсликларининг ижара пуллари йиғилмаган

2-сентябр куни эълон қилинган умумтаълим мактабларига давлат томонидан таъминлаб берилувчи ўқув дарсликларининг нархлари эълон қилингач, икки бараварга кескин оширилган тўлов миқдорлари ижтимоий тармоқ фаоллари томонидан кенг муҳокамага қўйилган эди. Кимдир билимнинг баҳосида “арзон-қиммат” бўлмайди, деган бўлса, яна бошқа биров бу суммалар икки ва ундан ортиқ фарзандлари мактаб таълимини олаётган кўплаб ўрта қатлам вакиллари учун оғир юк бўлишини таъкидлади.

Жамоатчилик диққат-марказида турган ушбу масалага ечим эса, яна энг юқори бўғинга етмай туриб ҳал бўлмади: Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Халқ таълими вазирлигига давлат раҳбарининг ўқув дарсликлари ҳамда машқ дафтарлари ижарасини бепул қилиш юзасидан топшириқ берилди ва Президент Администрацияси раҳбари бошчилигида танқидий руҳда мазкур масалага оид йиғилиш ўтказди.

Унда барча мактаб дарсликларини комплекс текширувдан ўтказиш, улардаги мавжуд хато ва камчиликларни аниқлаш, сифатини яхшилаш бўйича Президент Администрацияси, Халқ таълими вазирлиги, Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси ва яна бир қатор ташкилотларнинг масъул вакилларидан иборат катта ишчи гуруҳ тузилди.

Ҳисоб палатаси, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Халқ таълими вазирлигига 1 ой муддатда дарсликларни тайёрлаш, нашр этиш, таннарх ва тарқатиш тизимини танқидий кўриб чиқиш, давлат буюртмаси бажарилишининг шаффоф ва самарали тизимини жорий этиш вазифаси белгиланди.

Ўқув дарсликлари ва машқ дафтарларининг ижараси учун тўловлар бекор қилингани, бир тарафдан, фуқароларга енгиллик яратган бўлса, иккинчи тарафдан, айрим ижтимоий тармоқ фаоллари ўз саҳифаларида “тўлов қилиб қўйганлар нима қилади” қабилидаги саволларини улашишган.

Ушбу саволларга аниқлик киритиш мақсадида Халқ таълими вазирлигининг матбуот хизмати раҳбари Лайло Рустамовага боғландик.
Маълум қилинишича, дарсликлар ижара ҳақи жорий йилнинг 2-сентябрида эълон қилинган. Маълумки, Мустақиллик куни байрами муносабати билан барча бюджет ташкилот ва идораларида, жумладан, умумтаълим муассасаларида ҳам 5-сентябрга қадар дам олиш кун сифатида белгиланган эди.

— Шу асосга кўра, ҳали ҳеч қаерда ота-оналардан ўқув дарсликлари ва машқ дафтарлари учун йиғимлар амалга оширилмаган, — дейди вазирлик матбуот хизмати бошлиғи норасмий баёноти якунида.

Умид қиламиз-ки, президент топшириғи билан бепул таъминланиши йўлга қўйилувчи дарсликлар учун кетадиган маблағлар бирор саҳоватпеша томонидан молиялаштирилади. Акс ҳолда, 6,2 млн.дан ошувчи мактаб ўқувчиларининг дарсликларига кетадиган сарф-харажатлар яна халқ гарданига йиғим эмас, солиқ бўлиб тушади. Аҳвол эса, икки ўн беш — бир ўттизлигича қолаверади.