Олимлар йиғлаётган чақалоқни тинчлантириш учун энг яхши усулни топиш мақсадида олиб борган тадқиқотларида қониқарли натижага эришганини айтишмоқда.
Японияда ва Италияда олиб борилган тадқиқотлар натижаси “Биология” журналида эълон қилинди. Унга кўра, йиғлаётган чақалоқни бағирга олиб 5 дақиқа давомида юриш, кейин ўтириб бағирда 5-8 дақиқа қўлда тутиб туриш тавсия қилинади.
Шу муддат охирида чақалоқни қайта ўрнига ётқизиш лозим.
Тадқиқотчилар аввалига тажрибани итлар, маймунлар ва сичқонларда синаб кўришди. Ушбу эмизувчи ҳайвонлар болаларини кўтариб юра бошлаганини, бунинг натижасида эса болалари хотиржам тортиб, юрак уришлари бир маромга келганининг гувоҳи бўлишди.
Одамлар орасидаги таҳлиллар эса 21 та онанинг иштирокида амалга оширилди. Эндигина туғилган ва 7 ойлик чақалоқлари бор оналар, тўртта ҳолатда тест топширишди: чақалоқни кўтариб турган ҳолатдаги йиғиси, ўтирган ҳолатда она қучоғидаги, ҳаракатсиз бешикда ётган ҳолати ҳамда тебранаётган бешикдаги ҳолат…
Таҳлиллар сўнгида йиғи ҳолатининг кўтариб олгандан 30 сония кейин камайгани ва боланинг юрак уриши бир маромга келгани аниқланди. Шунга ўхшаш ҳолат бешикда тебранаётган пайтда ҳам юз берди. Бироқ бешикни тебратмаслик болани тинчлантира олмади.
Она қучоғининг эса бола учун ниҳоятда таъсири катта экани маълум бўлди.
Энг сўнги таҳлилда янги туққан оналарнинг натижаларига қаралди. Бу таҳлилда 100 дан 46 та гўдак 5 дақиқа ичида уйқуга кетгани аниқланди. Вақт бир дақиқага узайтирилганда эса яна 100 дан 18 та чақалоқ уйқуга кетгани маълум бўлди.
Бу усул болаларни тинчлантирибгина қолмай, уйқу муддатининг ҳам бошланганини кўрсатди. Фақат ушбу чақалоқларнинг учдан бир қисми ётоққа ётқизилгандан 20 дақиқа ўтиб уйғонишди.
Кардиограмма кўрсатгичлари, чақалоқлар оналаридан узоқлаштирилганда юрак уришларининг тезлашганини кўрсатди.
Аксинча, ётқизилмасдан яна бироз муддат она бағрида қолган гўдакларнинг кам ҳолатда безовта бўлиб, уйғонгани кузатилди.
Шунингдек, боланинг қандай ҳолатда ётқизилиши ҳам жуда муҳим эканлиги таъкидланди. Олимларнинг ушбу тадқиқотдан мақсадлари ота-оналарга ёрдам бериш эди.