Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида жума куни бошланган отишмалар оқибатида ҳаётдан кўз юмганлар сони 36 тага етди. Ҳафтанинг бошида бошланган зиддиятли вазият охирига бориб жиддий тўқнашувларга айланиб кетди. Ҳар иккала давлат ҳам ҳужумларнинг қайтадан бошланишида бир-бирини айбдор санамоқда. Советлар иттифоқи тугатилган кундан бошлаб, чегара масаласида ўзаро келишмовчиликларни бошдан кечириб келаётган Тожикистон ва Қирғизистондаги чегара атрофларида яшаётган 100 мингдан ортиқ аҳоли бошқа жойга кўчирилди.
Ҳужумлар “Икки халқ ўртасида қайта уруш бошланадими?” деган жиддий савол туғдирмоқда. 2021 йилда юз берган отишмалар оқибатида 50 киши ҳаётдан кўз юмган эди.
Ушбу ҳафтанинг бошида юз берган отишмада икки киши қурбон бўлди. Қирғизистон чегара қўшинлари Тожикистон аскарларини айблаган бўлса, Тожикистон эса Қирғизистон томонидан ўқ отилганини иддао қилди. Иккала давлат ўртасидаги 1000 км чегаранинг учдан бир қисми борасида муросага келолмаганликлари сабабли ҳалиям тортишув давом этмоқда. Ҳар иккита давлат билан ҳам яқин муносабатда бўлган Россия, жума куни тинчликка чақирди ва келишув таклиф этди.
Шу куни маҳаллий вақт билан 16:00 да ҳужумлар тўхтади. Бироқ бироз муддатдан кейин Қирғизистон чегарасидаги қишлоқларнинг тўпга тутилгани маълум бўлди.
Қирғизистон, қўшниси Тожикистоннинг қуролланган аскарларини ва танкларини ўз ҳудудларига юборганини даъво қилмоқда. Ўз навбатида Тожикистон ҳам Қирғизистонни қуроллар билан ҳужум қилишга тайёрланаётганини айтмоқда.