Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қарори билан ер муносабатларини тартибга солишга оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этмагани, фаолиятида йўл қўйган бошқа жиддий қонунбузилиш ҳолатлари учун Асака тумани ҳокими М.Алихонов ва Фарғона тумани ҳокими Ш.Муминов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Шунингдек:
- раҳбарлик этикаси қоидаларига риоя этмагани, хизмат ваколатидан четга чиқиб қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйгани учун Пахтаобод тумани ҳокими Э.Усмонов, Нуробод тумани ҳокими Ш.Юлдашев эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
- Наманган вилоятига хизмат сафари пайтида меҳмонхонада содир этган номақбул хатти-ҳаракатлари ва фаолиятидаги бошқа камчиликлари учун “Ўзбекчорванасл” агентлиги директори Б.Атамурадов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
- ўз фаолиятини давлат сиёсати ва амалга оширилаётган ислоҳотларга мос равишда ташкил этмагани, ҳокимларга қўйиладиган талабларга риоя этмасдан мажлис қатнашчиларини ҳақорат қилганлиги ва бу билан кенг жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлгани учун Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Боболовга жарима интизомий жазо чораси қўлланилди.
— давлат хизматчиси этикасига номуносиб хатти-ҳаракатлари, раҳбарлик маданиятини сақламагани, ўтказилган қабулларда фуқароларга ҳурматсизликка йўл қўйгани ва фаолиятидаги бошқа камчиликлари учун Андижон тумани ҳокими А.Эгамбердиев эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.