Корея Республикаси Қуролли кучлари штаб бошлиқлари қўмитаси маълумотига кўра, Шимолий Корея маҳаллий вақт билан 7:23 да шарқий йўналишда ракета учирган. Жанубий Корея ҳарбийлари ушбу ракетанинг максимал тезлиги 17 Мах (1 Мах ўртача 1198 км / соат) га етганини ҳисоблаб чиқди. Бу ҳақда “Yonhap” хабар берди.
Япония Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, ракета 1 минг километргача баландликда учган ва 4,6 минг километр масофани босиб ўтган. У Пхеньяннинг ракета синовлари тарихидаги максимал масофани босиб ўтган.
Ракета Хоккайдо ва Аомори префектураси томон учган. Шу муносабат билан Япониянинг шимолий ҳудудларида ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш янграган ва одамлардан бошпаналарга тушиш талаб қилинган. Бироқ Шимолий Кореядан учирилган ракета Япония ҳудуди устидан учиб ўтиб, Тинч океанига тушган.
Япония ўзини-ўзи мудофаа кучлари парвозга жавоб бермаган. Ҳеч қандай зарар ҳақида маълумот йўқ. Япония аҳолиси ракета парчалари тушиши мумкинлиги ҳақида олдиндан огоҳлантирилган ва уларга тегмаслик сўралган. Бундан ташқари, тезюрар 2 Шинкансен” поездларининг ҳаракати вақтинча тўхтатилган.
Япония ҳукумати миллий хавфсизлик кенгашини чақирди. Токио Пекиндаги дипломатик каналлар орқали Пхеньянга кескин норозилик билдирди. АҚШ ракета учирилишини ўйланмаган ва беқарорлаштирувчи ҳаракат сифатида қоралади.