Паст Дарғом тумани ҳудудидан ўтувчи каналда ёш қизнинг жасади топилди

Ижтимоий тармоқларда Паст Дарғом тумани ҳудудидан ўтувчи каналда ёш қизнинг жасади топилганлиги ҳақида хабарлар эълон қилинди. Ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ахборот хизмати баёнот берди.

Аниқланишича, 2022 йил 1 октябрь куни Паст Дарғом тумани “Камолот” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Ертешар” сув тақсимлаш каналида Самарқанд шаҳрида яшаган 18 ёшли Ю.М. (аёл)нинг мурдаси топилган.

Мазкур ўлим сабаби ва бошқа ҳолатларни аниқлаш мақсадида суд-тиббиёт экспертизаси ҳамда тегишли хизмат текширувлари тайинланган.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Паст Дарғом тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Текшириш мобайнида видеохабарда кўрсатилган бошқа ҳолатлар ҳам ўрганилиб, ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади, дейилади хабарда.