Ёшлар агентлиги пиардан бўш пайтида ёшлар билан ҳам шуғулланадими?

Ёшлар ишлари агентлиги айни пайтда бирор тизимли лойиҳа ёки ташаббусга эга эмаслигини кўпчилик тушуниб етди, дейиш мумкин. Буни агентлик раҳбари Алишер Саъдуллаевнинг вилоятма-вилоят юриши, муаммоларга фақат индивидуал тарзда ечим излаётгани ҳам исботлаяпти.

Очиғи, «Камолот» тугатилиб, унинг негиизида Ёшлар иттифоқи тузилганида ёшлар сиёсати ўз релсида давом этади, деган ўйда эдик. Афсус, ундай бўлмади. Аввалига Қаҳрамон Қуронбоев ўз шахсий пиарига урғу берган бўлса, энди унинг ўрнига келган Саъдуллаев шу йўлни тутмоқда.

Фарқи шуки, битта ташкилотни иккита қилиб олишди. Иттифоқни бир четга суриб, агентлик очишди. Камига «Ёшлар — келажагимиз» жамғармаси ҳам тузилди. Биттасини эплай олишолмаётганди, учтага айланди. Муаммолар эса ўша-ўша.

Тизимли ечим ва ёндашув йўқ. Масалан, кимдир мурожаат қилса, унинг масаласи ҳал бўлади. Худди шу муаммодаги бир чекка қишлоқлик бола эса мум тишлаб қолаверади. «Нега унга телефон бердию, менга йўқ», дейди масалан у.

Муаммони ҳал қилиш шахслар эмас, балки муайян тизим, лойиҳалар орқали бўлиши керак. Шунда иложи борича барча ёшлар қамраб олинади, ёшлар ташкилоти ишлаётгани кўринади. Ҳозир эса ташкилот эмас, унинг раҳбарини кўряпмиз.

Шахматдаям у, ётоқхонадаям у, қурилишдаям у ва ҳоказо. Бунга эътирозимиз йўқ, қандини урсин, ҳали ёш, кўп нарсага улгуриб қолиши керак. Лекин Ўзбекистоннинг асосини ташкил этадиган ёшларни ҳам кимдир ўйлаши керак-ку ахир!

Янги Ўзбекистондаги минглаб долзарб муаммолардан бири ҳам айнан шу. Балки нотўғридир, аммо «Камолот»да ана шу тизим бор эди. Унда муайян шахс эмас, ташкилот ишларди. Буни ҳозирги кадрларидан ҳам билиш мумкин.

Манба