Олий Мажлис депутати Президент фармони бажарилмаётгани ҳақида ёзмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йилдаги Фармонига мувофиқ, Президент ҳузурида Жамоатчилик палатаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар жамоатчилик палаталари ташкил этилиши белгиланган эди.
Жамоатчилик палатасини ташкил этишдан асосий мақсад аҳолининг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги иштирокини кенгайтириш, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, фуқаролар, жамият ва давлатнинг ўзаро яқин ҳамкорлигини ўрнатиш, шунингдек давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтиришдан иборат.
Жамоатчилик палатасининг асосий вазифалари қаторида «аҳоли фикрини тизимли ўрганиб бориш, жойларда ва соҳаларда аҳолини, фуқаролик жамияти институтларини ҳамда жамоатчиликни ташвишлантираётган долзарб масалаларни муҳокама қилиш, шунингдек, уларнинг ечими бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлиси палаталарига ва Ҳукуматга тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича таклифлар киритиб бориш» белгиланган.
Фармонга кўра:
➖ Жамоатчилик палатаси раиси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари раислари жамоатчилик асосида фаолият юритиши;
➖ Жамоатчилик палатаси раиси мақоми ҳамда транспорт ва тиббий таъминотига кўра вазирга тенглаштирилиши кўрсатилган.
Шунингдек, Жамоатчилик палатасининг Аппарати Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Фурқат кўчаси 1а-уй манзилига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилиб, Молия вазирлиги Аппаратга 4 та автомобиль таъминоти учун лимит ажратиши белгиланган.
Президентнинг ушбу Фармони ҳамон ўз кучида.
Бироқ негадир биз Жамоатчилик палатасининг ишлаётгани, раиси кимлиги ва шу кунга қадар нима қилганини билмаймиз, контактлари ҳам йўқ. Айтишларича, Жамоатчилик палатаси умуман тузилмаган.
Нима дейишга ҳам ҳайронмиз: жамоатчиликка келганда Президент Фармони ҳам ишламаса…
Фармон бажарилмаса, нега қабул қилинган унда?