Толибон жамиятда аёлларнинг устун бўлишидан чўчийдими?

Янги қоидаларга кўра, хотин-қизлар университетларга ҳужжат топиширишларида чекловлар мавжуд
Толибон аёлларнинг касб танлашдаги хоҳишларини ҳам кескин чеклашга киришди. Аксарият ўсмир қизларнинг мактабга кириши тақиқланганидан бир йил ўтиб, Толибон аёлларнинг давлат университетларида ўқиши мумкин бўлган курсларга кескин чекловлар киритмоқда.

Толибон 2021 йил августида ҳокимиятни қўлга киритгач, қизларга ўрта мактабда ўқишни тақиқлади. Улар ёши каттароқ қизлар мактабларга қайтиши учун «Исломий муҳит» яратиш зарурлигини айтди, бироқ улар ҳокимият тепасига қайтганидан бир йилдан кўпроқ вақт ўтган бўлса ҳам, аксарият вилоятларда бундай бўлмади.

Баъзи университетлар Толибоннинг жинсларни ажратиш қоидаларига риоя қилиш учун орага парда тортишган. Аммо Толибон мактабни битираётган қизлар ҳам университетга кириш имтиҳонларини топшириши мумкинлиги ёки йўқлиги ҳақида ҳалигача бирор қарорга келгани йўқ.

Аёлларга журналистика, қишлоқ хўжалиги, ветеринария, муҳандислик ёки иқтисод каби фанларни ўқишга рухсат берилмайди. Кобул университети ва бошқалари Толибон ҳокимиятни эгаллаб олганидан кейин баҳорда қайта очилди.

Аёлларга барча вилоятларда шифокорлик ва ҳамширалик билан шуғулланиш, шунингдек, ўқитувчиликни ва Ислом динини ўрганишга рухсат берилган. Афғонистонда таълим олиш имкониятини талаб қилиб кўплаб намойишлар бўлиб ўтди.

Расмийлар бу йил 100 000 талаба (жумладан 30 000 аёл) афғон университетларига кириш имтиҳонларини топширишини айтмоқда.

Ўқув йили март ёки августда бошланади ва кириш имтиҳонлари натижалари эълон қилиниши учун одатда икки ойдан уч ойгача вақт кетади. Толибон ҳокимият тепасига келганидан кейин натижалар қачон эълон қилинишини ҳеч ким аниқ билмайди.

Йигит ва қиз абитуриентлар имтиҳонларни алоҳида топширдилар — Толибон ўрнатган қоидаларга мувофиқ абитуриентлар жинсига қараб ажратилади — эрталаб ўғил болалар, тушдан кейин қизлар топширади ёки имтиҳон хоналарида экранлардан фойдаланилади. Номзодлар кўп бўлган айрим вилоятларда кириш имтиҳонлари икки-уч кун давомида ўтказилди.

Фаолларга кўра, агар Толибон 6-12-синфларда ўқийдиган қизлар учун ўрта мактабларни очмаса, яқин йилларда университетларга ўқишга кирадиган қизлар сони кескин камаяди.

Ўтган йили Лағмон вилоятида 1200 га яқин қиз тест синовларида қатнашган бўлса, жорий йилда уларнинг сони 182 нафарга камайган. Университетларда абитуриент хотин-қизлар сони кескин камайиб кетишидан хавотир бор. Толибон расмийлари чекловларни камайтирмоқда.

Олий таълим вазирлигининг имтиҳонлар бўлими бошлиғи Абдул Қодир Ҳамушнинг айтишича, қизлар уч-тўртта соҳадан ташқари ўзлари ёқтирган фанларни танлашлари мумкин.

«Аёллар учун алоҳида дарслар ташкил қилишимиз керак. Айрим соҳаларда аёллар сони кам. Шунинг учун биз аёлларнинг муайян курсларга ҳужжат топширишига рухсат бермаймиз».

Расмийлар бу йилги университет ўринлари сонини ҳали ошкор қилмади.

Толибоннинг ҳокимият тепасига келиши Афғонистоннинг таълим соҳасига қаттиқ таъсир қилди ва ўтган йили АҚШ бошчилигидаги қўшинлар олиб чиқиб кетилганидан кейин малакали педагоглар кўчиб кетди.

Сўнгги ўн йилликларда мамлакат иқтисодиёти кўп жиҳатдан чет эл ёрдамига қарам бўлиб келган, бироқ Толибон барча ўрта мактабларга қизларни қабул қилишдан бош тортгач, ёрдам агентликлари таълим секторини қўллаб-қувватлашни қисман, баъзи ҳолларда эса бутунлай тўхтатган. Қолган ўқитувчиларнинг кўпчилиги бир неча ой маош олмади.

Толибоннинг қизлар ўқиши мумкин бўлган соҳаларга чекловлари мамлакат бўйлаб доим ҳам бир хилда қўлланилмайди. Мисол учун, Кобул университетида ҳали ҳам баъзи журналистика курсларига қизлар қабул қилинади. Толибон аёлларнинг билим олиш ва пул топиш имкониятларини пасайтирган.