Дунёга машҳур одамхўр Сагава оламдан ўтди

У каннибализм (одамхўрлик) билан бошланғич мактаб даврида танишди. Жиноий фикрларини университетда ўқиб юрган кезларида амалга оширди. Иссаи Сагава, ўша даврларда ўзининг энг яқин дўсти Ренее Ҳартелветни ўлдириб, унинг жонсиз жасадини бурнидан бошлаб еганди. Ўзининг одамхўрлигини китоб қилиб ёзган ҳамда машҳур, ХХ асрнинг энг ваҳший қотили ҳисобланган “Кобе каннибал” лақабли Сагава, куни кеча 73 ёшида оламдан ўтди.


Бу ҳақда уни ўз қарамоғига олган амакиваччаси хабар берган. Унинг айтишича, Сагава Токиодаги шифохоналардан бирида зотилжам хасталиги туфайли ҳаётдан кўз юмган.


Япониянинг Кобе шаҳрида 1949 йилда бадавлат оилалардан бирида дунёга келган Сагава, 28 ёшида адабиётшунослик соҳаси бўйича диссертация ёқлаш учун Францияга жўнаб кетади. 1981 йил 11 июнь куни Сорбоннадан курсдоши Ренее Ҳартевелтни бирга дарс қилиш баҳонасида кечки овқатга таклиф қилади ва уни ўқ узиб ўлдиради. Ўз қурбонига тажовуз қилган Сагава, сўнгра унинг жасадидан айрим парчаларини егани аниқланган эди.


Ўзини ожиз, хунук ва камситилган ҳис қилган Сагава, Ҳартевелтни ейиш билан унинг ҳаётий қувватини ўзига олишни қасд қилганини айтган. Шундан кейин у Япониядаги касалхоналардан бирига жойлаштирилган эди.

Францияда Сагаванинг иши ёпилгандан кейин, ўз давлатида ҳам айбдор деб топилмаган жиноятчининг соғлиги жойида эканини таъкидлаган шифокорлар, жинсий зўравонлик Сагаванинг жинояти учун ягона мотивация бўлганлигини айтишган.

1986 йил 12 августда шифохонадан чиққан Сагаванинг одатий турмуш тарзига қайтиши кўпчиликда норозилик уйғотганди, унинг қилган жинояти китоб ва филмларга мавзу бўлиб, жиноятчининг ўзи эса жуда машҳур бўлиб кетганди.

1986-1997 йиллар орасида ТВ дастурларда тез-тез меҳмон бўлиб турган Сагава, бир қанча китоблар муаллифи бўлишга ҳам улгурганди. Кейинчалик турли салбий фикрлар сабабли ўз машҳурлигини бой берган ушбу қаҳрамон асаб касаллиги боис шифохонага ётқизилган бўлиб, шундан буён унга амакиваччаси ғамхўрлик қилиб келаётганди.