Профессор Зарифбой Ибодуллаев Соғлиқни Сақлаш Вазирлигига бир қатор жиддий таклифлар билан чиқди. Бу ҳақда ўзининг фейсбук саҳифасида ёзиб қолдирган.
«Соғлиқни сақлаш тизими шундай ташкилотки, унинг йирик лойиҳаларини амалга ошириш учун Давлат томонидан катта субсидиялар ажратилиши ва халқаро кредитларнинг аксарият қисми ушбу тизимга йўналтирилиши лозим. Шифохоналарни таъмирлаш ва янгиларини қуриш, уларни замонавий аппаратуралар билан таъминлаш, хорижда қилинадиган мураккаб жаррохлик операцияларини Ўзбекистонда ҳам қилинаётгани, ёшларни хорижга юбориб ўқитиш жадаллашгани – булар албатта қувонарли хол! Агар умумий ҳисобда оладиган бўлсак, Давлат томонидан даволаниш учун тўлаб берилаётган маблағ 20 % дан ошмаса керак. Уни ҳам кўп ҳолларда ҳомийлар тўлаб беради. Қолган 80 % ҳолатларда даволаниш учун дориларни халқ ўз ҳамёнидан тўлайди, докторга қўл ҳақи беради ва ҳ.к. Энг ачинарлиси баъзи хирургик операциялар учун бир марталик зарур анжомларни ҳам операция қилдираётган беморнинг яқинлари сотиб олишга мажбур.
ПСИХОСОМАТИК ТИББИЁТСИЗ
ТИББИЁТНИНГ КЕЛАЖАГИ ЙЎҚ!
Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2017-йилда суғуртали тиббиётга ўтиш масаласини кескин кўтариб бошлади, ҳатто экспертларни ҳам чақириб маслаҳат йиғинларини ҳам ўтказиб бошлашган эди. Мен ҳам шу рўйхатда бор эдим. Битта йиғилиш Президент Администрациясига қарашли бинода ўтказилган эди. Мен ўшанда “Психосоматик тиббиёт” масаласини кўтаргандим. Агар Республика бўйлаб “Психосоматик тиббиёт” тўлақонли тадбиқ қилинса, соғлиқни сақлашга кетадиган бюджетни жуда катта қисми (деярли 50 %) тежалишини асослаб берувдим. Мен билан бирга яна 6 та профессор бор эди. Бу йиғилишни Мажидов деган Аппаратнинг масъул ходими ўтказган эди. Мен унга “Ўзбекистонга психосоматик тиббиёт нақадар зарур” деган ўзим тайёрлаган альбомни ҳам берганман. У тиббиёт ходими бўлмагани учун психосоматик тиббиёт нималигини тушунмади. Навбатдаги йиғилишларга мени чақирмай қўйишди. Кейин билсам экспертлар рўйхатидан тушиб қолибман. Мана бир неча йилдирки, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Катта кенгашида “Психосоматик тиббиёт, далилларга асосланган тиббиёт” масаласида ўз фикрларимни баён қилиб беришни сўраб келаяпман. Мен Сизни қабулингизга ҳам расман 2 маротаба ёзилганман. Сиздан олдинги Вазирларга ҳам бир неча бор расмий ва норасмий ҳаракат қилиб кира олмаганман. Ўйлайманки яқин кунларда мени қабул қиласиз. Агар мен илгари сураётган мана шу иккита таклиф тиббий амалиётга тадбиқ қилинса, Республикада дорихоналар сони бир йил ичида 2 баробарга камаяди. 2017-йили “Психосоматик тиббиёт ва тиббий-психологик ёрдамни тадбиқ этиш” масаласида тайёрлаган Президент Фармони лойиҳаси ССВ томонидан ҳалигача кўриб чиқилгани йўқ. Ушбу Фармон лойиҳасини Э. Баситхоновага Сенатдаги йиғилишда 2 маротаба (2019 ва 2021-йиллари) шахсан қўлига топширганман. Бироқ ханузгача жим-житлик. Ҳатто “Нима бу?” деб мени чақириб суҳбатлашмаган. Шу сабабдан мен соғлиқни сақлаш тизимини ижтимоий тармоқлар орқали танқид қилишга мажбур бўлгандим. 2022-йил 18-мартда Президент билан Катта учрашувга ҳам бу таклифларни январ ойидаёқ юборганман, учрашувга умид қилганман. Бироқ бу ҳам амалга ошмади. Натижада мен Президент эътиборини қаратиш учун 17-март куни, яъни учрашувдан бир куни олдин “Озодлик” радиосига интервью беришга мажбур бўлдим. Унда ҳам 10 та йирик таклифни илгари сурдим. Бироқ бу таклифлар ҳам қоғозда қолиб кетди. Нима учун шундай бўлди?
СУҒУРТАЛИ ТИББИЁТ – БУ ЯГОНА ТЎҒРИ ЙЎЛ!
ССВ да бир нечта кабинетлар суғуртали тиббиётга ўтиш учун ажратилган. Нима учун бу масала чўзилиб кетаяпти? Агар ўтадиган бўлсак, тезроқ ўтиш керак. Мен тушунаман. Бу мураккаб жараён! Бироқ биринчи қадамларни кўрмаяпмизку!
Суғуртали тиббиётга ўтса халққа жабр бўлмайдими, деган савол туғилади. Менинг ўзимга ҳам бу саволни кўп беришади. Жавобим шуки, дастлабки йили халққа жабр бўлиши мумкин. Шу боис бир йиллик маблағни Давлат тўлаб бериши керак. Албатта буни тўлаш Давлатга ҳам осон эмас. Шунинг учун халқ учун бефойда бўлган гигант лойиҳаларга ажратилган йирик кредитларни тўхтатиб, уларни суғуртали тиббиётни таъминлашга йўналтириш керак! Бу ишни 2023-йилни ўзидаёқ амалга оширмаса бўлмайди. Чунки 6 йилдан бери суғуртали тиббиётга ўтишни врачлар ҳам, халқ ҳам кутаяпти. 2023-йил бюджетини шу нуқтаи назардан қайта кўриб чиқиш керак! Бизда пулга бориб тақалган ғоя ва лойиҳа, шу заҳоти тўхтаб қолаверади. Рақамли тиббиётга ҳам ўтилмади! У ҳам қоғозда қолиб кетди.
Суғуртали тиббиётга ўтишга врачлар ва шифохоналар тайёрми? ССВ ҳар бир шифохона ва унинг шароитини жуда яхши билади. Биринчи қадамларни бошлаш керак. Суғуртали тиббиёт билан шуғулланиб келаётган Вазирлик экспертлари видеоконференциялар орқали бунинг афзалликлари ва юзага келиши мумкин бўлган муаммолар ва уларнинг ечимлари борасида тушунтириш ишларини 2023-йил январ ойидаёқ бошлаш керак.
ТОШКЕНТДАГИ ИЛМИЙ-ТИББИЙ МАРКАЗЛАРНИНГ АКСАРИЯТИ АЛЛАҚАЧОН ҲУСУСИЙ КЛИНИКАЛАРГА АЙЛАНИБ БЎЛГАН.
Ҳа, худди шундай! Улар ҳатто хусусий клиникалар чиқаргандек “Махсус папка” ҳам чиқаришган. Унда тиббий хизматлар рўйхати ҳам келтирилган. Уларнинг нархи деярли хусусий клиникалар нархи каби. Битта илмий-тиббий марказ директори 2022-йили март ойида “Маҳалла” каналида “…бизнинг врачлар ойлик маоши 10-20 млн” деган эди. У тўғри гапирди. Чунки халқдан тушиб турган пул ҳисобига, уларнинг ойлик маоши Давлат шифохоналарида ишлаётган оддий врачлар ойлик маошидан 10 ва 20 баробар кўп! Бундай илмий марказларнинг хусусий клиникалардан фарқи шундаки, улар давлат тасарруфида. Ривожланган давлатларда Илмий-тиббий марказлар йирик илмий грантлар ютиб, энг замонавий даволаш усулларини қўллаб, янги кашиётлар яратиб ёки ўзга давлатлардан беморларни даволаб, яъни тиббий туризм орқали катта-катта маблағлар орқали яшашса, бизнинг “Илмий-тиббий марказлар” илм-фан ва технологияларга сал четга суриб қўйиб, худди оддий туман шифохоналарига ўхшаб пул ишлаш билан овора. Демак, илмий-марказлар ҳам халқни елкасида. Шу боис тиббий илм ҳам ўлиб бўлган. Битта илмий марказда ишлайдиган профессор шу соҳада ўзи касал бўлиб қолгач, ўзининг илмий марказида даволанмай, хорижга кетиб даволанишига нима дейсиз. Хўш нима қилиш керак! Бу ерда мен маслаҳат бериб ўтирмайман. Чунки илмий марказларда ишлаётган профессорларимизнинг ўзлари бу ботқоқдан қандай чиқиб кетишни ўзлари яхши билишади.
ДАЛЛИЛАРГА АСОСЛАНГАН ТИББИЁТ – БУ ҲАҚИҚИЙ ТИББИЁТ!
Ривожланган давлатлар тиббиёти аллақачон далилларга асосланган тиббиётга ўтиб бўлган. Бунинг нималигини ССВ ва тиббиёт олийгоҳлари профессор-ўқитувчилари жуда яхши тушунишади. Агар Ўзбекистон “Далилларга асосланган тиббиёт” ни ўқитишни тиббиёт институтларида кенг йўлга қўйса, бўлажак шифокорлар ҳалол тиббиётни ўрганади, бунга амал қилган амалиётчи шифокорлар эса самарали натижаларга эришади, илмий тиббиёт эса замонавий ташхис қўйиш ва даволаш усулларини ишлаб чиқади, фармация эса юқори самарага эга янги дориларни яратади.
ЎЗБЕКИСТОНДА ФАРМАЦИЯНИ РИВОЖЛАНТИРИБ ҲАҚИҚАТАН ҲАМ БОЙИШ МУМКИНМИ?
Албатта мумкин! Фармация маблағ тушириш бўйича нефт саноатидан кейин иккинчи ўринда туради. Балки биринчи ўринга чиққандир. Сифатсиз дорилар ёки халк тили билан айтганда “Пустышка” дориларни ишлаб чиқиш орқали эмас, балки юқори самарага эга дориларни Республикада ишлаб чиқиш орқали нафақат ўз бойлигини ошириш, балки Давлат бюджетига ҳам катта маблағлаб тушириш мумкин. Сир эмас, кимга дори ёзиб берсак, “Ўзбекистонникини олманг” деймиз. Нима учун? Чунки сифатсиз ва таъсир доираси суст дориларга одамлар ишонмай қўйди. Нима учун доривор ўсимликларга бой бўлган Ўзбекистонда юксак самарага эга бўлган дориларни ишлаб чиқармаймиз? Нима учун 2014-йилдан буён уруш бўлаётган Украина ёки Россия дориларини ёзамиз? Нима учун врачлар ҳам, беморлар ҳам Ўзбекистон дориларига ишонмай қўйди? Жавоби битта: Чунки аксарияти таъсир қилмайди. Бемор тузалишни, врач эса тузатишни хохлайди. Бунинг учун оддий тил билан айтганда яхши дори ёзилиши керак.
Агар Ўзбекистон замонавий фармацияни тўла-тўкис қўлга олса, биз нафақат Ўзбекистон халқини сифатли дори билан таъминлашимиз, балки Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон, Покистон, Озарбайжон, қолаверса Туркия, Ҳиндистон, Россия ва Украинага ҳам экспорт қилиб млрд лаб доллар Давлат бюджетига тушириш мумкин. Қолаверса, ушбу давлатларда “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” товар белгиси юртни ҳам обрўсини оширади ва ҳ.к Фармация туфайли олинган фойдадан “Фармакология институтлари ва илмий лабораториялар” очиш, шу соҳа илм-фанини ривожлантириш, янги дорилар кашф қилиш, давлат шифохоналарини чегирмали дорилар билан таъминлаш мумкин. Қўшни Қирғизистон ва Тожикистондан сув текинга гиёҳли ўсимликларни харид қилиб нақадар сифатли ва самарали дориларни ишлаб чиқариш мумкин. Бу соҳада таклифлар жуда кўп! Ўйлайманки, қолган таклифларни Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари билан шахсий учрашувда баён қиламан.
Дориларнинг рақамли маркировкаларини зудлик билан йўлга қўйиш, ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб заҳарли дориларга нисбатан уларнинг антидодларини ишлаб чиқишни йўлга қўйиш, гемодиализ аппаратларини кўп миқдорда ишлаб чиқиш, тезкор реанимобил бригадалар сонини кўпайтириш ҳам кечиктириб бўлмас масаладир. Зудлик билан Вазирликда Координацион Кенгаш (фақат Вазирлик ходимлари ва илмий-тиббий марказ директорлари иштирокида эмас) йиғилишини ўтказиш ва тиббий бошқарувга танқидий кўз билан қарайдиган ва самарали таклифлар кирита оладиган мутахассис-олимларни ҳам жалб қилиш лозим.
Ҳурматли Президентимиз бу масалани шахсан ўзлари назоратга олади, деган умиддаман!
Доридан заҳарланиб фарзандлари вафот этган ёш ота-оналаримизга чуқур таъзиямни билдириб қоламан. Оллоҳим уларни раҳматига олсин», дея ёзади профессор