Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ғазалларига ёзилган шарҳлар – навоийшунос Олимжон Давлатовнинг “Маънолар хазинаси” китоби қирғиз тилида нашр этилди. Қирғизистоннинг нуфузли нашрларидан бўлмиш “Кыргыз Туусу” газетасида чоп этилган мақолада асрлар давомида қирғиз ва ўзбек халқлари умумий адабий-маданий маконда ҳамжиҳатлик, биродарлик руҳида яшаб келгани, мазкур китобнинг таржима қилиниб, чоп этилиши ҳам икки халқ ўртасидаги адабий-маданий алоқалар, ҳамжиҳатлик ришталарини янада мустаҳкам боғлашга муҳим рол тутиши таъкидланган.
Қирғиз-ўзбек адабий-маданий алоқалари бир кунда пайдо бўлиб қолган эмас. Хусусан, ўтган асрда қирғиз халқининг улкан маънавий хазинаси – “Манас” эпоси тўлиқ ўзбек тилига таржима қилинган. Кейинги йилларда бу достоннинг ўзбек тилига таржимасининг бир неча вариантлари нашр этилди. Нафақат қирғиз халқининг, балки бутун туркий тилли халқларнинг маънавий пасспорти бўлган буюк адиб Чингиз Айтматовнинг деярли барча асарлари ўзбек тилига таржима қилинган. Туркий давлатлар ташкилотининг 2022 йилда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган саммити доирасида Чингиз Айтматовга Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотнинг берилиши ҳам ғоят рамзий маънога эга.
Бу каби хайрли ишларнинг мантиқий давоми сифатида ҳозирги ўзбек адабий тилининг асосчиси, буюк шоир ва мутафаккир, донишманд давлат арбоби Алишер Навоий ғазалларига битилган шарҳлар қирғиз тилига таржима қилинди. “Маънолар хазинаси” номи билан нашр этилган ушбу китоб филология фанлари бўйича фалсафа доктори, навоийшунос Олимжон Давлатов қаламига мансуб. Китоб қирғиз тилига ўшлик таржимон, шоира ва журналист Хосият Бекмирзаева томонидан таржима қилинган.
“Мазкур китобнинг ўзига хослиги шундаки, ҳар бир ғазал луғат, насрий баён ҳамда шарҳ ва изоҳлар билан келтирилган. Эндиликда ушбу китобнинг қирғиз тилига таржима қилиниши орқали қирғиз китобхонлари Навоий ғазалларини ўқиш билан бирга Навоийнинг маънолар хазинасидан чуқурроқ баҳраманд бўлиш имкониятига эга бўлишди”, дейди таржимон.
Ушбу китобдан буюк шоир ва мутафаккир, ўзбек мумтоз адабиётининг асосчиси Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Ғаройиб ус-сиғар” девонидаги ғазалларига ёзилган шарҳлар ўрин олган.
“Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга амалга оширган расмий ташрифи арафасида ушбу китобнинг нашр этилиши қирғиз ва ўзбек халқларининг дўстлиги ва ҳамкорлиги нафақат сўзда, балки амалда ҳам экани,бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолишининг яққол исботидир. Навоийнинг инсонпарварлик ғоялари билан тўйинган сатрлари қирғиз китобхонларига манзур бўлиши шубҳасиз”, деб ёзади қирғизистонлик журналист Барно Исакова.
Ҳазрат Навоийнинг сирру синоатга тўла бадиият оламига ошно этувчи ушбу шарҳлар ёш авлоднинг китобхонлик маданиятини юксалтириб, ватанпарварлик ва миллатсеварлик руҳида камол топишига хизмат қилади.