Тошкент шаҳар ИИББга Япон комиксларидан бирининг қаҳрамонларидан илҳомланган «Рёдан» халқаро ёшлар ҳаракати «мухлислари» Ўзбекистонда ҳам борлиги ҳақидаги хабарлар келиб тушган. Шу муносабат билан идора ота-оналар бу ҳаракат ҳақида нималарни билиб олиши кераклигини маълум қилди.
Қайд этилишича, дастлаб «Рёдан» ҳаракати ташкил этилганда интернетдаги бир нечта виртуал жамоалардан иборат бўлган: улар япон анимация санъати мухлислари бўлиб, ўсмирларни қизиқишлари бўйича бирлаштиришдан бошқа мақсадларни кўзламаган эди.
Болалар ўзларининг севимли санъатларини муҳокама қилар ва шунга ўхшаш кийимларни (орқасида ўргимчак сурати ҳамда 4 рақами бўлган катакли шим ва футболкалар) танлашар эди.
Бироқ вақт ўтиши билан ҳаракатдан янги йўналиш ажралиб чиқиб, улар ичида бир қатор тажовузкор шахслар пайдо бўлди. Улар ҳудуддаги вазиятни беқарорлаштириш, ўсмирларнинг тўлиқ шаклланмаган дунёқарашига таъсир ўтказиш орқали уларни назорат қилишни мақсад қилиб олдилар.
Бунинг оқибатида, тармоқдаги бегона шахсларнинг бузғунчи шиорлари таъсирига берилиб кетган болалар жамоат жойларида тўпланиб, оммавий тартиббузарликларни уюштира бошладилар.
Маълум қилинишича, айни пайтда «Рёдан» ҳаракати томонидан уюштирилган бундай ҳолатлар Россия Федерацияси, Украина, Беларус ва бир қатор бошқа давлатларда қайд этилган.
Жанжаллар томонларнинг турли даражадаги тан жароҳатлари олишига, шахсларнинг мулкига зарар етказилишига, кўплаб маъмурий ва жиноий ишларнинг қўзғатилишига олиб келади.
«Ҳурматли ота-оналар! Фарзандларингизга эътиборли бўлинг, уларнинг қизиқишларини ўрганинг, айниқса, субмаданий қизиқишларига бефарқ бўлманг.
Болаларнинг аниме ва мангага бўлган қизиқишини қоралаб бўлмайди. Лекин бу қизиқиши туфайли у номаълум шахсларнинг таъсирига тушиб қолмаётганлигига, виртуал дунёни ҳақиқатдан ажрата олиш қобилиятини йўқотмаганлигига ишонч ҳосил қилинг.
Фарзандларингизнинг ҳаётига, уларда кечаётган ўзгаришларга бефарқ бўлманг: улар билан дўстона муносабатда бўлиш орқали қизиқишларини, иштиёқини муҳокама қилинг, шу йўл билан уларнинг фикрини ўрганасиз ва уларда бўлаётган ўзгаришларни сезиш имконингиз ошади», – дейилади хабарда.