Ташаббусли бюджет: яна ўқитувчи сарсон (ми?)

“Опен бюджетга раҳмат, у туфайли эсламай қўйган қариндошларим ҳам телефон қила бошлади”;

“ Кимдир бир илтимосим бор деса, дарров опен бюджет ҳаёлимга келяпти”;

“ Кўчада кетаётсам, бир қиз келиб рақамимни сўради. Энди хурсанд бўлб турсам, опен бюджетга экан”;

“ Цемент заводига – ўқитувчи, опен бюджетга ҳам ўқитувчи”…

Бугун ижтимоий тармоқлар юқоридаги каби ҳазиломуз постларга тўлиб кетди. Ҳазил ўз йўлигакуя, 2021 йилда эксперимент тариқасида бошланган “Ташаббусли бюджет” 2 йил ичида йирик лойиҳага айланди. Лойиҳа парламент қилмаган ишни қилди – фуқаролар ўз солиқларини ўзлари хоҳлагандек ишлатишда бевосита иштирок эта бошлашди. Давлат раҳбарининг топшириғи билан бу йил фуқаролар ташаббусларига 3,5 баробар кўп маблағ ажратилмоқда.

2021 йилда Молия вазирлиги янги талқиндаги “Очиқ бюджет” платформасини ишга туширди. Унда “Ташаббусли бюджет” бўлими яратилиб, фуқароларга ўз яшаш ҳудудидаги муаммолар борасида таклиф қолдириш имкони яратилди.

2021 йилдаги “Ташаббусли бюджет”нинг биринчи мавсумида аҳолидан 1 100 та, иккинчи мавсумда 41 125 та таклиф тушди. Қолдирилган таклифларда шахсий манфаатлар устуворлик қилмаслиги ва лойиҳа қиймати 1 млрд сўмдан ошиб кетмаслиги асосий мезонлар деб белгиланди. Амалда ҳам одамлар шахсий манфаатлар учун эмас, ички йўлларни таъмирлаш, мактаблар таъмири, ичимлик суви каби жамият манфаати учун муҳим таклифларни қолдирди.

2022 йилги биринчи мавсумда 69 700 та, иккинчи мавсумда эса 61 000 та таклиф тушди. Лойиҳа оммалашиб, таклиф бермаган маҳалла қолмади ҳисоб: ташаббусли буджетдаги ташаббуслар Ўзбекистондаги маҳаллаларнинг 98 фоизини қамраб олди. Ташаббуслари кўп овоз йиғиб, ғолиб чиққан маҳаллалар байрамлар уюштира бошлади. Чунки энди улар маҳалласидаги муаммолар ҳал бўлиши учун ҳокимиятнинг “мана бу йил, мана кейинги йил” деган ваъдалари бажарилишини кутиб ўтириши шарт эмасди. Бу билан ушбу лойиҳа одамларни бирлаштирганига гувоҳ бўлдик.

Бу йил ҳам 18 — мартдан, “Ташаббусли бюджет” жараёнининг жорий йилдаги 1-мавсуми доирасида овоз бериш жараёни бошланди. Мавсум доирасида фуқаролар томонидан илгари суриладиган лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида республика бўйлаб 1,7 триллион сўм маблағлар йўналтирилиши кўзда тутилган.

Ўқитувчилар овоз йиғишга мажбурланмоқда

“ Ташаббусли бюджет” мавсуми бошландию, бозорлару кўчалар, аҳоли гавжум жойларда “1 овозга 1 та пепси” каби эълонларга кўзимиз туша бошлади. Ўтган тажрибалар давомида бу каби ҳолатларга кўзимиз ўрганиб, майли, дедик, муҳими халқ бирлашяпти, ҳаракат қиляпти деб, мамнун бўлдик. Ҳақиқатда таъмирга муҳтож йўллар, мактабу, шифохоналар қаторида бир мунча аҳволи яхшироқ обектлар ҳам ғолиб бўлганини, ўша ер аҳолисининг уддабуронлигидан дедик. Аммо бугунги кеча-кундузда муҳокамалар марказида бўлган бир масала борки, буни оқлаб бўлмайди. Ўқитувчилар “Опен бюджет”да овоз тўплашга мажбурланаётгани айтилмоқда.

Ижтимоий тармоқлар орқали жойларда баъзи ўқитувчиларга “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида овоз йиғиш учун мажбурий топшириқ берилаётгани, топшириқни бажаришга бееътибор қараётган ўқитувчиларга керакли чора кўриш билан таҳдид қилинаётгани тўғрисида хабарлар тарқалди.

Видеолаваҳаларнинг биридаги тарқатилаётган изоҳга кўра, ҳолат вилоятнинг Ангор тумани Навшаҳар маҳалласида 36-мактаб ўқитувчилари билан содир бўлган. Хабарда ўқитувчилар прокурор топшириғи билан овоз йиғаётгани айтилади.

“ Ташаббусли бюджет” учун овоз йиғиш ўқитувчилар зиммасига юкланиб, улар яна мажбурий меҳнатга жалб қилинмоқда. Шунингдек, Андижоннинг Андижон, Шаҳрихон, Олтинкўл, Фарғонанинг Риштон, Қува туманлари, Наманган шаҳридан ҳам ҳудди шундай мурожаатлар келмоқда. Ҳар бир ўқитувчига 50-100 тадан овоз тўплаш мажбурий қилингани айтилмоқда. Ушбу ҳолат кутилган эди. Ўқитувчиларни Опен бюджетга овоз йиғишга мажбурлаш бўйича Вазирлик жиддий ўрганиш бошлаганидан ҳам огоҳлантирди.

Хўш, бу ўрганишлар ўз самарасини берадими, ёки яна цемент заводига ҳам ўқитувчилар юборилаверадими?

Қонунчилик нима дейди?

Амалиётчи юрист Ҳасан Мамаюсупов сўзларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14- августдаги тегишли қарорига кўра, педагогларни хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш тақиқланади.

Яқинда Олий Мажлис Сенати томонидан “Педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Қонун маъқулланди.

Унда ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб этганлик учун жиноий жавобгарликкача бўлган жазо назарда тутилмоқда. Яъни педагог ходимни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёҳуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгиланмоқда.

Шунингдек, педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин худди шундай қилмишни такроран содир этганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи норма Жиноят кодексига киритилмоқда.

Шаҳруза САТТОРОВА