Тошкент шаҳрида ёш бола “удлинитель”га осилиб, ўзини 5-қаватдан ташлади. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Ахборот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, пойтахтнинг Шайхонтоҳур тумани Ибн Сино мавзесидаги кўп қаватли уйларнинг бирида фуқаро 15 нафарга яқин вояга етмаган болага ноқонуний диний таълим бериб келган. У болаларни доимий тарзда калтаклаган.
Оқибатида 1 нафар бола электр узайтиргич симига (удлинитель) осилиб, 5-қаватдан ўзини ташлаган. Бола жароҳат олиб, кўплаб синиш ва чиқишлар билан шифохонага олиб борилган.
Суриштирувлар давомида болаларни калтаклаб келган шахс – 1995 йил Қашқадарёда туғилган, ҳеч қандай диний маълумотга эга бўлмаган фуқаро экани аниқланган.
У жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб ижарадаги уйида ҳар бир боладан 200 минг сўм эвазига ҳужра ташкил қилиб, 4 нафар болага диний сабоқ бериб келган. Шунингдек, унинг 14 дона араб тилида ёзилган ва нашриёти номаълум бўлган диний адабиётлари холислар иштирокида ҳужжатлаштирилиб олинган.
Маълум қилинишича, ушбу шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-моддасига асосан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Болаларга етказилган жароҳатлар оғирлик даражасини аниқлаш мақсадида судга оид тиббий экспертиза белгиланган.