Самарқандда қайиқда кетаётганда суратга тушмоқчи бўлган тўрт нафар йигит чўкиб кетди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.
Маълум бўлишича, 30 июль куни Қашқадарё вилояти, Чироқчи ва Кўкдала туманларида яшовчи 7 киши О.Э., Э.У., I.Д., С.Р., З.О., О.А. ва Э.Х. Нуробод тумани, “Пўлат” маҳалласида яшовчи таниши М.М.нинг туғилган кунини нишонлаш учун келиб, шу куни соат тахминан 17:30 атрофида “Пўлат” маҳалласи ҳудудидан ўтган Каттақўрғон сув омборига чўмилиш мақсадида борган.
У ерда бўлган қайиқ билан сув омборининг қирғоғидан тахминан 40 метр узоқликка сузиб боришган. Суратга тушмоқчи бўлишганида тартибсиз ҳаракатлар қилишгани сабабли мувозанатни йўқотиб, қайиқ ағдарилиб кетган.
Натижада қайиқда бўлганларнинг 3 нафари — З.О., О.А. ва Э.Х. қирғоқга сузиб чиққан, қолган тўрт нафар йигит эса чўкиб кетган.
Олиб борилган қутқарув ишлари давомида бир киши — 21 ёшли О.Э.нинг мурдаси топилган.
Ҳозирда қидирув-қутқарув ишлари олиб борилмоқда. Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.